Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:29

Америкаликлар президент сайловида овоз бермоқда


АҚШда 6 ноябр куни ўтказилаётган сайловда фуқаролар президент Барак Обамани иккинчи муддатга қолдириш ёки унинг ўрнига Республикачилар партияси вакили Митт Ромнини сайлаш учун овоз беришади.


Сайловолди кампаниясининг охирги кунида Айова штатидаги сайловчилар билан учрашган Барак Обама мамлакатнинг олдинга юришини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Оҳайо штатида ўз тарафдорлари билан учрашган президентликка даъвогар Митт Ромни эса сайловчиларни ўзгаришлар учун овоз беришга даъват қилди.

Омма фикрини ўрганиш натижалари президентликка номзодлар ўртасидаги фарқ жуда кичик эканини кўрсатмоқда.

Сўровлар натижалари Оҳайо, Висконсин, Ню Ҳемпшир, Колорадо, Флорида, Невада ва Айова каби сайловчилар бир қарорга келмаган штатларда Обама ўз рақибидан бироз олдинда бораётганини кўрсатган.

АҚШ президент сайловида энг кўп овоз олган номзод эмас, балки ҳар бир штатдан тайинланган электорал вакилларнинг камида 270 нафари овозини олган номзод ғолиб чиқади. Электорал коллежда жами 538 нафар вакил бор.

АҚШнинг ҳар бир штати маълум электорал овозга эга. Штатдаги электорал овозлар сони мазкур штатнинг Конгрессдаги вакиллари сонига кўра белгиланади. Аксар штатларда номзод 50 фоиздан кўпроқ сайловчилар овозини олса, электорал овозларнинг барчаси шу номзоднинг фойдасига берилади.



Таҳлилчилар фикрича, 18 та электорал овозга эга бўлган Оҳайо штати 2012 йилги сайловда президент лавозими учун кураш олиб бораётган иккала номзод учун муҳим рол ўйнаши мумкин.

Мичиган, Пенсилвания ва Ню Мексика штатларида ҳам номзодларни қўллаб-қувватлаётган фуқаролар сони ўртасидаги фарқ жуда оз эканини кўрсатган.

Жорж Вашингтон университети профессори ва АВС радиосининг сиёсий шарҳловчиси Сивен Робертс Озодлик билан суҳбатда айрим муҳим штатлар сайлов пойгаси тақдирини ҳал қилиши мумкинлигини айтди.

- Сайлов тақдирини ҳал қиладиган етти ёки саккизта штат бор. Оҳайо, Вержиния, Колорадо ва бошқа бир неча штатлар анча вақтдан бери Америка сиёсатида марказий рол ўйнаб келган. Обама ушбу штатларда иккита устунликка эга. Биринчиси, демография.

Қатор штатларда, жумладан, Колорадо ва Невададаги испан тилида сўзлашувчилар ўз овозини асосан Обамага беради. Иккинчи устунлик, ушбу штатларда иқтисодий вазият бошқа штатларга қараганда яхшироқ, айниқса Оҳайо штатида Обама юритаётган сиёсат натижасида кўплаб автомобил заводлари ишламоқда. Бу масалада Обаманинг қўли баланд келиши мумкин, дейди профессор Стивен Робертс.

6 ноябр кунги сайловда америкаликлар 100 ўринли АҚШ Сенатидаги 33 та ўринга янги сенатор сайлайди.

Айни пайтда, Намояндалар палатасидаги 435 ўриннинг ҳаммаси учун янги аъзолар сайланади.
XS
SM
MD
LG