Линклар

Совет Ўзбекистонини 22 йил бошқарган ëзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов тирик бўлганида 6 ноябр куни 95 ёшга кирар эди.



1959 йилдан то 1983 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидов ҳақида турли зиддиятли маълумотлар мавжуд.

Шароф Рашидовни яқиндан билган ëзувчи ва сиëсат арбоблари уни қолоқ аграр ўлка бўлган Ўзбекистонни Совет шарқининг энг ривожланган ўлкасига айлантирган тирик сиëсий арбоб, деб билишади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бу кишилар мулоҳазасича, тийнатида миллий руҳ яширинган Шароф Рашидов Совет Иттифоқи хазинасини иложи бор қадар Ўзбекистонни юксалтиришга йўналтирган улуғ ватанпарвардир.

Рашидов даври ҳақидаги тадқиқот муаллифи, россиялик тарихчи Максим Токарев назарида Шароф Рашидов Совет Иттифоқидаги порахўрлик тизимидан ўз мамлакатини ривожлантириш учун фойдаланган.

1983 йил 31 октябрида Шароф Рашидов оламдан ўтганидан сал ўтиб, унга қарши танқидий материаллар Ўзбекистон газеталарининг бош мақолаларига айланди.

Бу мақолаларда Шароф Рашидов порахўр, қўшиб ëзувчи ва коррупционер раҳбар сифатида танқид қилинди.

Шаҳар марказига дафн қилинган Рашидов жасади кавлаб олиниб,Чиғатой қабристонига кўмилди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Совет Иттифоқи Бош Прокуратурасида ишлаган ҳуқуқшунос Николай Ивановга кўра, айнан ўша пайтда Ўзбекистондаги барча жиноятлар марҳум Шароф Рашидовнинг зиммасига юкланди.

- Рашидов билан бирга ишлаган Иномжон Усмонхўжаев Ўзбекистон Компартиясининг 16-пленумида: "Биз у кишининг гипнози остида бўлганмиз" деб айтишгача борди¸ дейди Николай Иванов "Рашидовни дафн қилиш" деган ҳужжатли филмда.



Шароф Рашидовни ўлимидан икки кун олдин кўрган марказқўмнинг мафкура котиби Раъно Абдуллаева Усмонхўжаевнинг бу гапини истеҳзо билан ëдга олди.



Ўзбекистонлик кекса ëзувчи Шукрилло қамоқдан чиққанидан кейин Шароф Рашидов марҳаматига нойил бўлганини мамнуният билан эслайди.

Шукриллога кўра, Компартиянинг 16-пленумидан кейин ëзувчилар Шароф Рашидовни ëмонлаш пойгасига тушишган.



Ўша пайт кайфиятини шоир Муҳаммад Солиҳ "йиқилганни тепманглар" деган мисрада ифодалаган:

Йиқилганни тепма. Ҳар ҳолда, марҳум…
Тўғри, у йиқилди, лекин ҳар ҳолда,
Сену менга ўхшаб йиқилмади-ку,
Ўлмади-ку балиқ қилтаноғидан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG