Линклар

Обама яна тўрт йил Оқ уйда қоладиган бўлди


Барак Обама рафиқаси ва қизлари билан ғалаба нашидасини сурмоқда.

Барак Обама рафиқаси ва қизлари билан ғалаба нашидасини сурмоқда.

6 ноябр тонггига қадар давом этган қизғин сайловолди кампанияси давомида Барак Обама Америка сайловчиларидан ўзи бошлаган катта ишларни охирига етказиш учун имкон ва муҳлат беришни сўради.

6 ноябр – “ҳукм куни”да аксар америкаликлар Обаманинг бу сўровини қондирдилар.

Барак Обама.

Барак Обама.

Ўз шаҳри Чикагодаги қароргоҳидан туриб тарафдорлари¸ қолаверса бутун Америка халқига қилган мурожаатида Барак Обама яхши кунлар олдинда эканидан гапирди:

- Бу оқшом¸ бу сайловларда сиз – Америка халқи босиб ўтган йўлимиз оғир бўлгани¸ унинг узоққа чўзилганига қарамай¸ ўзимизни қўлга олиб¸ ўз йўлимиз учун курашганимизни яна бир бор намойиш қилдингиз. Ўз қалбимизда бугун ҳаммамиз Америка Қўшма Штатларнинг энг яхши кунлари ҳали олдинда эканига ишонамиз¸ деди қайта сайлангани аниқ бўлганидан сўнг Обама.



Ҳали АҚШнинг барча штатларидаги сайлов натижалари аниқ бўлмай туриб ҳам¸ Обаманинг 303 электорал овоз олгани тасдиқланди. Сайловда ғолиб чиқиш учун унга жами 538 электорал овоздан 270 тасини қозониш кифоя эди.



Барак Обаманинг сайловдаги асосий рақиби¸ республикачи Митт Ромни мағлубиятни дарҳол тан олди ва қайта сайланган президентга АҚШнинг юксалтириш йўлида омад тилади.

Митт Ромни.

Митт Ромни.

- Мен ҳозиргина президент Обамага сим қоқиб¸ уни ғалаба билан қутладим. Унинг тарафдорлари ва сайлов кампанияси ходимлари ҳам табрикка лойиқдир. Мен уларнинг барчаси¸ хусусан¸ президент¸ унинг рафиқаси ва қизларига энг эзгу тилакларимни билдираман. Бугун Америка буюк синовлар олдида турибди ва мен президент халқимизни бу оғир синовлардан муваффақиятли олиб ўтишига дуо қиламан¸ деди Бостондаги сайлов қароргоҳидан туриб ўз тарафдорларига мурожаат қилган Ромни.

2012 йилги президент сайловлари АҚШ тарихида даъвогарларнинг ютиш имкони деярли бир хил кўрилган ўта рақобатли ва энг қиммат жараëн сифатида тарихга кирди. Обама ва Ромнининг сайловларда ғолиб чиқиш имкони 6 ноябрга қадар 50-49 нисбатида деб баҳоланаëтган эди.

Сайлов тақдирини Оҳаë каби "оғмачи" штатлар аҳолиси белгилади.

Сайлов тақдирини Оҳаë каби "оғмачи" штатлар аҳолиси белгилади.

Обаманинг анъанага кўра “демократлар ҳудуди” деб қаралган штатлар баробарида¸ Оҳаë¸ Флорида каби ўта муҳим “оғмачи” штатларда ғолиб чиққани¸ сайлов тақдирини ҳал қилди.

Иккала номзоднинг президентлик дастуридаги асосий тавофут¸ аксар америкаликлар учун бирламчи муаммо бўлиб қолаëтган иқтисодий муаммоларга қандай ечим топиш масаласида эди.

Обама¸ президент сифатидаги асосий вазифаси¸ энг кам таъминланган ва ўрта табақа манфаатларини ҳимоя қилиш экани ва кейинги тўрт йилда давомида айнан ўзи бошлаган шу ишни давом эттиражагини ваъда қилди.

Миллиардер Ромни эса¸ асосий эътиборни хусусий тадбиркор ва катта бизнесга кўроқ имтиëз¸ хусусан¸ солиқ имтиëзлари бериш орқали¸ янги иш ўринлари яратажаги ва шу билан АҚШни иқтисодий бўҳрондан олиб чиқишни ваъда берди.

Аммо 6 ноябр куни аксар америкаликлар “синалмаган отнинг сиртидан ўтмаслик” ва Обамага бошлаган қийин ишларини тугатиш учун яна бир имкон беришга қарор қилдилар.

Сайловнинг эртасигаëқ¸ Обама Оқ уйга қайтиб¸ ўзи ваъда қилган ишларни охирига етказишга киришди.

Сайловнинг эртасигаëқ¸ Обама Оқ уйга қайтиб¸ ўзи ваъда қилган ишларни охирига етказишга киришди.

Кузатувчиларга кўра¸ яна бир бор аксар америкаликлар ишончини қозонган Барак Обаманинг ғалаба нашидасини суришга ҳам вақти бўлмайди - унинг олдида бу ишончни оқлаш маъсулияти турибди.

Бу эса¸ биринчи галда¸ Америка ичкарисида янги иш ўринлари яратиш¸ қолаверса¸ барча америкаликларга тиббий суғурта тақдим этиш¸ молиявий ислоҳотларни ниҳоясига еткизиб¸ Wall Street бойларини кўпроқ солиқ тўлаш ва шаффоф бўлишга масъул қилиш каби муаммолардир.

Ташқи сиëсатда эса¸ Обама олдидаги асосий муаммо Эронни ядровий қурол яратиш иддаосидан воз кечтириш ва Афғонистондаги нисбий тинчликни хатар остига қўймасдан¸ АҚШ қўшинларини бу ердан олиб чиқишни якунлаш экани айтилмоқда


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG