Линклар

logo-print

Ромни Обамани президент этиб сайлангани билан қутлади


Республикачилар партиясининг президент лавозимига номзоди Митт Ромни.

Республикачилар партиясининг президент лавозимига номзоди Митт Ромни.

Президент Барак Обама 6 ноябр кунги сайловда 300тадан кўп электорал овоз олганидан сўнг Республикачилар партияси номзоди Митт Ромнини Обамани қайта президент этиб сайлангани билан табриклади.


АҚШдаги ахборот агентликлари президент Барак Обама Республикачилар партияси номзоди Митт Ромнини мағлубиятга учратиб иккинчи тўрт йиллик муддатга АҚШ президенти этиб сайланганини хабар қилди.

Барак Обаманинг сайловдаги ғалабаси “оғмачи” Оҳайо штатида ютиб 270тадан кўп электорал овозга эга бўлганидан сўнг эълон қилинди.

Дастлабки сайлов натижаларига кўра, АҚШнинг биринчи қора танли 44-президенти Барак Обама 300тадан кўп электорал овоз олган.

Митт Ромни ўзининг бош сайловолди кампанияси қароргоҳи жойлашган Бостон шаҳрида Обаманинг ғалаба қозонганини тан олди.

- Мен ҳозиргина президент Обамага қўнғироқ қилиб уни ғалаба билан қутладим. Унинг тарафдорлари ва сайлов кампанияси ҳам қутловга лойиқ. Мен уларнинг барчасига, хусусан, президент, рафиқаси ва қизларига муваффақият тилайман.

Ҳозир Америка қийинчиликларга дуч келаётган давр. Халқимиз бу қийинчиликларни енгиб ўтишда мен президентга омад тилаёман, дея баёнот берди Митт Ромни.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Барак Обама “оғмачи” деб аталаётган қатор штатлар, жумладан, Виржиния, Оҳайо, Айова, Мичиган, Ню Ҳэмпшир, Пенсилвания ва Висконсинда ҳам ғалаба қозонган.

АҚШ президент сайловида энг кўп овоз олган номзод эмас, балки ҳар бир штатдан тайинланган электорал вакилларнинг камида 270 нафари овозини олган номзод ғолиб чиқади. Электорал коллежда жами 538 нафар вакил бор.

АҚШнинг ҳар бир штати маълум электорал овозга эга. Штатдаги электорал овозлар сони мазкур штат аҳолиси сонига кўра белгиланади. Аксар штатларда номзод 50 фоиздан кўпроқ сайловчилар овозини олса, электорал овозларнинг барчаси шу номзоднинг фойдасига берилади.

Обама сайловчилари олдида қилган чиқишида 2008 йилда бошлаган ишларини охирига етказиш ниятида эканини айтди.

Бу мамлакат иқтисодиётини ўнглаш, бинк тизимини ислоҳ қилиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш ҳамда соғлиқни сайлаш бўйича ишлаб чиқилган режа амалга оширилишини англатади.

Барак Обама сайловолди кампанияси давомида фуқаролардан ўзининг мана шу режаларини амалга ошириш учун имконият беришни сўраган эди.

- Биз ортга қайа олмаймиз. Соғлиқни сақлаш дастурини амалга ошириш учун кўп ишлар амалга оширилиши лозим. Янги иш ўринлари яратиш учун кўп ишлар қилиш керак. Биз жуда кўп ўқитувчини ишга ёллашимиз керак. Жуда кўп мактабларни қайта қуришимиз керак.

Жуда кўп талабалар олий таълим олиш имкониятига эга бўлиши керак. Мамлакат ичида кўп энергия ишлаб чиқарилиши керак. Кўплаб қўшин мамлакатга қайтарилиши керак. Шу сабаб мен Америка Қўшма Штатлари президентлигига ўз номзодимни қўйганман, дея баёнот берди Барак Обама.

Обаманинг иккинчи президентлик муддатида амалга оширадиган режалар биринчи муддатдагидан кўп фарқ қилмаслиги бежиз эмас.

Ҳозир АҚШ иқтисодиёти аста-секин ўнглана бошлади. Кўпроқ америкаликлар ишга жойлашмоқда. Шунга қарамай иқтисодиёт АҚШ президентининг кур тартибидаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG