Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:28

Ўзбекистонлик курашчи бронза медалидан маҳрум қилинди


Ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев (чапда) олимпиаданинг яна бир совриндори - россиялик Денис Царгуш билан.
Ўзбекистонлик курашчи Сослан Тигиев (чапда) олимпиаданинг яна бир совриндори - россиялик Денис Царгуш билан.
Халқаро Олимпия қўмитасининг Интизомий коллегияси қарори билан ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиевдан Лондон Олимпиадасида олган бронза медали олиб қўйиладиган бўлди.

Бу ҳақда Associated Press агентлиги Халқаро Олимпия қўмитасидаги (ХОҚ) икки манбасидан олган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Айни пайтда бу маълумот ҳали ХОҚ томонидан расман тасдиқланганича йўқ.

Associated Press хабарига кўра, 29 ёшли Тигиев тақиқланган метилгексанамин препаратини истеъмол қилгани учун дисквалификация этилган. Допинг текширувининг натижаси 10 августда олинган бўлса-да, бу натижа Олимпиада тугаганидан кейингина тасдиқлангани айтилмоқда.

Агар бу маълумот расман тасдиқланса, Лондондаги Олимпиада ўйинларининг бронза медали венгриялик Габор Хатошга олиб берилади. Бу курашчи 74 килограммгача бўлган вазн тоифасида учинчи ўрин учун бўлган курашда Сослан Тигиевга ютқазганди.

Эслатиб ўтамиз, командадошлари каби Ўзбекистонга медал билан қайтиб келган Тигиевга “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони берилган. Бундан ташқари, у мамлакат раҳбарияти томонидан Chevrolet Lasetti автомобили ҳамда 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти сертификати билан тақдирланганди.

Тигиевга шу йилнинг 29 август куни Ўзбекистон Олимпия шон-шарафи музейида топширилган бу мукофотлар давлатга қайтариладими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG