Линклар

logo-print

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига алоқадорликда гумонланиб халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, полковник Валерий Горелих Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароси бўлган Гулмира Қурбонова Москвадан Екатеринбург шаҳрига учиб келган пайтда “Кольцово” аэропортида Россия Ички ишлар вазирлиги ва Интерпол миллий марказий бюроси ходимлари томонидан қўлга олинганини билдирди :

- 1990 йилда туғилган ёш қиз Ўрта Урал пойтахтига Москва рейсида учиб келган. Уни Тожикистоннинг икки фуқароси кутиб олган. Полиция ходимлари уларнинг Россия ҳудудида бўлиши қонунийлигини текширди. Бирининг ҳужжатлари тўғри бўлган. Иккинчи тожикистонликнинг шахсини аниқлаш учун у полиция идорасига олиб борилган, деди Россия Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Полковник Валерий Горелихга кўра, Екатеринбург аэропортида ушланган 22 яшар Гулмира Қурбонова 2012 йил апрел ойидан бери Москва яшаб¸ шаҳардаги бозорлардан бирида қонуний ишлаб келган.



Қурбонова август ойида Озарбайжонга сафар қилган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Свердловск вилояти Бош бошқармаси матбуот хизматига кўра, Гулмира Қурбонова Россияга Қозоғистон орқали келган.

Халқаро қидирувда бўлишига қарамай, Қурбонова Ўзбекистон-Қозоғистон ва Қозоғистон-Россия чегараларини кесиб ўтган.

Валерий Горелих Гулмира Қурбонова Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда гумонланиб халқаро қидирувга берилганини айтади:

- Екатеринбург шаҳридаги “Кольцова” аэропортида ушланган аёл Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб қидирувга берилган.

Бу модда катта миқдорда наркотик моддаларни сотиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш, сақлаш ва ташишни назарда тутади. Ҳозир ушбу факт бўйича тегишли текширув олиб борилмоқда. Қўлга олинган аёл ҳибсда сақланмоқда. У ватанига экстрадиция қилиниши ҳақидаги қарорни кутмоқда, деди полковник Валерий Горелих.

Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фуқароларининг наркотиклар савдосига алоқадорликда гумонланиб Россияда қўлга олиниши ғайриоддий ҳол эмаслигини айтади:

- Бундай ҳолатлар бор. Наркотикларни тожик ҳам сотади, ўзбек ҳам сотади, рус ҳам сотади. Наркотик моддалар билан шуғулланганидан кейин, албатта, сотишади. Жиноятнинг миллати битта – жиноят, тамом.

Лекин битта нарсани айтиш жуда зарур. Наркотик моддаларни сотиш лидерлари бошқа жойларда юради. Лекин ёшлар пул ишлайман деб, уйимни яхшилайман, моддий аҳволимни ўнглайман, деб алданиб, уларнинг қўлига тушиб ҳаёти хазон бўлиб кетаётганига ачинасан, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

БМТ расмийлари Афғонистонда етиштирилаётган гиёҳванд моддалар Марказий Осиё ҳудуди орқали Россияга, у ердан Ғарб давлатларига олиб кетилаётганини айтиб келади.

Ўтган йили Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари наркотиклар савдосига алоқадорликда гумон қилинган 107 нафар хориж фуқаросини қўлга олган.

Ўзбекистон Наркотиклар савдосини назорат қилиш Миллий ахборот марказига кўра, ўтган йилда мамлакат бўйлаб жами 5500 килограмм наркотик мусодара қилинган. Бу эса¸ 2010 йилга нисбатан 800 килограммга кўп.

XS
SM
MD
LG