Линклар

Сочида муштлашган мардикорлар уйига жўнатилади


Ўзбекистонлик мардикорлар автобусда депортация марказига олиб кетилмоқда.

Ўзбекистонлик мардикорлар автобусда депортация марказига олиб кетилмоқда.


Сочи шаҳар ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан оммавий муштлашган ўзбекистонлик қурувчиларга нисбатан жиноий ва маъмурий иш қўзғатилди. Шаҳар ҳокимлиги жанжалда иштирок этган мардикорларни Ўзбекистонга жўнатиб юборишга қарор қилди.


Душанба куни Сочидаги “Горная карусель” спорт ва туризм мажмуаси қурилишида 240 та ўзбекистонлик меҳнат муҳожири орасида оммавий муштлашув келиб чиқди.

“Красная поляна” полиция бўлимида Озодликка муштлашув бир ишчининг бошқасига тош отганидан бошланганини билдирди.

Жиноят жойига етиб келган полиция муштлашувнинг жиддий оқибатлари олди олинганини маълум қилди:

- Жанжални бошлаганлар ҳибсга олинди. Ҳозирда Россия Жиноят Кодексининг 213- моддаси 2-қисми (қуролли безорилик) юзасидан 5 кишига нисбатан жиноий иш очилди. Қолган иштирокчилар ҳам қўлга олиниб маъмурий жавобгарликка тортилди, деди “Красная поляна” полиция бўлими раҳбари Сергей Шевченко.



Сочи шаҳар полиция бошқармаси “Красная поляна” мажмуасига махсус бўлинмалар юборилгани ва муштлашганлар орасида жиддий жароҳат олганлар аниқланмаганини билдирди.

Сочи Ички ишлар бошқармасига кўра, ўзбек мардикорлари Мзимта чегара дарёси орқали қочишга уриниб кўрган¸ лекин чегарачилар муштлашув жойидан қочган 66 нафар ишчини тўхтатиб қолган. Чегара томон қочаётган меҳнат муҳожирларини тўхтатишга фавқулодда тревога билан кўтарилган “Заслон ” чегара наряди ташланган ва тўхтатиб қолинган ишчилар полиция ходимлари қўлига топширилган.

Содир бўлган фавқулодда ҳодиса юзасидан Сочи шаҳар маъмурияти, Краснодар ўлкаси ва Сочи Ички ишлар бошқармалари, Миграция хизмати ҳамда ўзбекистонликларни ишга ёллаган пудратчи ташкилот раҳбарлари қўшма мажлиси чақирилди.

Курорт шаҳар Сочи 2014 йилда Қишки Олимпия ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Сочи шаҳар ҳокими Анатолий Пахомов муҳожирларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларига тоқат қилинмаслигини билдирди:

- Улар бу ерга муштлашгани келганми, ишлаганими? Лекин биз бу жанжалга йўл қўйган ташкилот раҳбарларини ҳақиқий бекорчи ва ландовур деб биламиз! Террорчиликка қарши кураш комиссияси қарорига мувофиқ ҳар бир ишчилар шаҳарчасида, ҳар бир корпусда тартиб-интизомни назорат қилувчи комендантлар бўлишини талаб қиламиз, деди ғазаб билан шаҳар ҳокими Анатолий Пахомов қурилиш ташкилоти раҳбарларига.

Шаҳар ҳокимияти раҳбари жанжалкаш-муҳожирларни ишга ёллаган пудратчи ташкилотлардан бу ишчилар билан меҳнат шартномалари бекор қилиниши ва улар ўз юртларига жўнатилишини талаб қилди.

Ҳибс этилган ўзбек мардикорларининг ҳозирги ҳолатини билиш мақсадида Озодлик мухбири Сочи Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

Бошқармада муштлашув бўлган душанба куни “Красная поляна” полиция бўлимига жами 243 нафар меҳнат муҳожири олиб келинганини билдиришди. Улардан 210 нафари Ўзбекистон, 33 нафари эса¸ айтилишича¸ Тожикистон фуқаросидир.

Сочи ИИБси матбуот маркази раҳбари Андрей Коваленко ишчилар депортация қилинмаслиги, шунчаки улар билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилганини билдирди:

- Депортация қилиш учун асос йўқлиги сабабли, улар ўз юртларига жўнатилиб юборилади ва меҳнат шартномаси бекор қилинади. Иш берувчи томонидан уларга билет олиб берилади ва улар ўз хоҳиши билан доимий яшаш жойига жўнайди. Жиноий иш қўзғатилган шахслар тақдирини эса тергов ва кейинги суд ҳал этади, деди Сочи шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Андрей Коваленко.

“Горная карусель” спорт ва туризм мажмуаси раҳбариятининг полиция назорати остида ўзбекистонлик ва тожикистонлик мардикорларнинг оммавий тарзда уйига жўнатилиши юзасидан Сочи шаҳар ҳокимлиги олдида бугун-эрта ҳисобот бериши кутилмоқда.

Озодлик мухбири бевосита жанжалга тортилган ва унга гувоҳ бўлган ўзбекистонлик муҳожирларни топишга ҳаракат қилди. Аммо аксарияти махсус полиция бўлинмалари назоратида депортация лагерида сақланаëтгани тахмин этилаëтган бу муҳожирлар билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Мабодо¸ бу воқеага оид кенгроқ тафсилотлардан хабардор бўлсангиз¸ марҳамат¸ матн тагидаги "Шарҳлар" катакчасида ўз маълумотингизни ëзиб қолдиринг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG