Линклар

Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Жети-Ўгуз тумани шифокорлари отаси томонидан ваҳшийларча ўлдирилган 2 ёшли чақалоқ-Талантнинг умрини сақлаб қола олишмади.

Маълум бўлишича, 2 ёшли гўдакни отаси Автандил Раматов 5 ноябр куни уйига маст ҳолатида келиб қаттиқ калтаклаган, шундан сўнг норасиданинг бир нечта жойига пичоқ урган. Воқеа Жети-Ўгуз туманининг Барсқўўн қишлоғида содир бўлган.

- Боланинг аҳволи жуда оғир эди. Жароҳатлари кўп:боши, ўпкаси, юрагига жароҳат етган. Ҳатто бошига ҳам пичоқ санчилган экан. Бизга болани ичак-чавоқлари чиққан ҳолда олиб келишди. Ўз вақтида операция қилинди. Унинг ошқозонидан иккита тешик топилди. Жарроҳлар уни тикишди, -деди 2 ёшли Талантни даволашга ҳаракат қилган шифокорлардан бири Темирбек Тикибаев.

Айни пайтда боланинг отаси Автандил Раматов Жети –Ўгуз туман ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақланмоқда. Мазкур жиноят юзасидан тергов олиб бораётган терговчи Талантбек Ашималиев гапиради:

- Барскўўн қишлоғининг Кўгўй мавзесида яшовчи, 1974 йилда туғилган Раматов Автандил Карибаевич спиртли ичимлик ичиб маст бўлган ва ўз боласи Карибаев Талант Автандиловични калтаклаб, пичоқ билан чавақлаган. Бу иш юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-банди 3-пункти билан жиноят иши очилган, -деди терговчи.

Ўз ўғлининг қотили сифатида айбланаётган отага билдирилган айблов бўйича 8 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин.

Мудҳиш воқеа юз берган куни Талантнинг онаси Аида ҳомиласини ва ўз саломатлигини текширтириш учун шифохонага кетган экан. Уйда Талант билан бирга беш ёшли ўғли ҳам қолган. Аида фарзандларини ўзи билан олиб кетмоқчи бўлганида, эри "Болалар қолаверсин, ўзим қараб тураман", деб олиб қолган экан.

Автандилнинг бувиси Аяткан Сейдекматова 2 ёшли гўдакнинг ўлимида неварасини эмас, ароқни айблайди:

- Бегонлар билан кўчада урушиб, ғазабланиб уйга келган ва боласи кўзига жанжаллашган одам бўлиб кўринган бўлса керак. Боласини мастлигида ўлдирди. Автандил одобли бола эди. Ҳозир ёшларнинг асосий қисми ичкиликка берилиб кетди-да. Мана шу иллатнинг касофати бўлди. Бу воқеа содир бўлгунига қадар у беш-олти кун ичмай юрган эди, - дейди Аяткан Сейдакматова.

Қирғизистонлик мутахасислар мамлакатда оилавий зўравонлик чуқур томир отиб бораётганидан ташвиш билдириб келмоқдалар. Мутахасисларга кўра, оилавий зўравонлик ҳолатларининг кўпайишига ижтимоий тенгсизлик асосий омил бўлмоқда. Автандилни ўз боласини ўлдиришга ижтимоий тенгсизлик мажбур қилдими? Бу саволга энди тергов жавоб беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG