Линклар

Покистон оқсоқоллари 6 яшар қизчани мажбуран эрга бермоқчи


6 яшар Биби Роза ўз тақдири ҳал бўлишини кутмоқда.

6 яшар Биби Роза ўз тақдири ҳал бўлишини кутмоқда.


Покистоннинг қабила оқсоқоллари назоратидаги Ашари қишлоғи Жирғаси икки оила ўртасидаги номус можаросини ҳал қилиш учун 6 яшар қизалоқни ғаним оила ўғлига эрга бериш ҳақида ҳукм чиқарди.

Покистон шимол-ғарбидаги қабилалар ҳудудини қонунлар эмас¸ балки қабила оқсоқоллари кенгаши бошқаради. Бу оқсоқоллар бисотида эса¸ маҳаллий жанжал-тортишувларни ҳал қилишнинг узоқ асрлик анъанаси бор.

Бу анъаналардан бирига кўра¸ оилалар ўртасидаги мол-мулк талашуви¸ ëки хун-интиқом гуноҳкор оила қизини жабрдийда деб топилган оилага мажбурлаб бериш орқали ҳал этилади.

Яқинда Сват водийсидаги чекка қишлоқлардан бири оқсоқоллар кенгаши¸ яъни Жирға икки оила ўртасидаги ғанимликка барҳам бериш учун 6 яшар қизчани душман оила аъзосига эрга бериш ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳозирда бу қизалоқ ҳам¸ унинг яқинлари ҳам Жирғани бу қарори ижросидан қайтариш учун Покистон ҳукумати ва халқаро жамоатчиликдан ëрдам кутмоқда.



Покистоннинг қабилалар назоратидаги ҳудудларда қиз бола худди пул¸ мол ва ер каби можаро ва тортишувларни ҳал қилишдаги бир восита ва бу воситанинг “свара” деган ўз номи ҳам бор.

Сват водийсидаги қабилалар кенгаши чиқарган қарор ҳам ана шу “свара”га асосланади ва икки оила ўртасидаги адоватни битириш учун қурбон қилиниши ҳукм этилган 6 яшар Биби Роза 11 ноябр куни ғаним оиланинг 16 яшар ўғлига келин қилиб узатилиши шарт.

Бундай ҳукмдан даҳшатга тушган Биби Роза оиласининг шу кунларда Жирға қарори бекор қилинишида ëрдам сўраб мурожаат қилмаган идора деярли қолмади.

Биби Розанинг 65 яшар отаси Азим Хон Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳозирча бу уринишлари самарасиз қолаëтганини айтади. Жирға билан тили бир бўлган маҳаллий полиция¸ Азим Хонга кўра¸ оқсоқоллар қарорини қабул қилиш ва амалга оширишни айтган.

Ашари қишлоғи полицияси раҳбари Шоҳ Даврон Озодлик мухбирига¸ Жирға билан тили бир экани ҳақидаги айбловни рад этди. Унга кўра¸ келинликка бериш ҳукм этилган қизчанинг ҳали 6 ëшга тўлиб-тўлмагани аниқлангач¸ полиция бу иш юзасидан жиноий иш ҳам очган.

Аммо маҳаллий полиция раҳбарининг бу гапи Биби Роза оиласига тасалли бераëтгани йўқ.

“Агар қизимни якшанба куни уларга топширмасам¸ нариги томон ўзини номуси топталган деб ҳисоблаб¸ қон тўкади¸ биздан кимнидир ўлдиради”¸ дейди Азим Хон.

Оилалар ўртасидаги адоватга¸ айтилишича¸ Биби Розанинг акаси уйланган қиз¸ яъни унинг келинойиси сабаб бўлган. Азим Хоннинг ўғли бошқа йигитга унаштирилган қизга уйланганидан сўнг¸ келинсиз қолган қаллиқ Жирғага шикоят қилган. Оқсоқоллар эса¸ шикоятчи оила номусини тиклаш учун Азим Хоннинг 6 яшар қизини келинсиз қолган қаллиқ йигитга бериш ҳақида ҳукм чиқарган.
2004 йилда Покистон парламенти “свара” анъанасини жиноятга чиқарди ва бунинг учун 3 йиллик қамоқ жазоси тайин қилди. Аммо бу қарор¸ тоғлар ичидаги чекка қабилалар ҳудудида қабул қилинмади ва ҳамон бу жиноий анъана давом этмоқда.

Шундай бўлса-да¸ Биби Розанинг онаси¸ якшанба кунгача 6 яшар қизини ғаним оилага мажбурлаб эрга бериш ҳукми ўзгаришига умидини йўқотмаган.

-Ахир у ҳали болаку! Қандай қилиб ўзини мусулмонман¸ деган оқсоқоллар гўдакни эрга беришга уринади. Мен ҳукуматдан қизимнинг ўз бағримда қолишини таъминлашини сўрайман¸ дейди Биби Розанинг онаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG