Линклар

logo-print

Ўзбекистон чет эллик сармоядорларга ўз ҳудудидаги 500 дан ортиқ фойдали қазилма конни ўзлаштиришни таклиф этмоқда. Ҳозирча бу конлардан қай бирига қайси хориж сармоядори қизиқиш кўрсатганига оид маълумот йўқ.

6 ноябр куни Тошкентда “Қаттиқ фойдали қазилмаларнинг инвестицион салоҳияти” деб номланган халқаро конференцияда таркибида металл ва маъдан хом-ашёси мавжуд фойдали қазилма конлари, шунингдек мармар тош ҳамда бошқа тур қурилиш материаллари олиш мумкин бўлган конлар сармоядорларга таклиф этилди.

Ўзбекистонда чиқадиган “Econews” нашри хабарига кўра, Ўзбекистонда жами инвестициялаш объекти сифатида тавсия қилинган майдонлар сони 38 тани ташкил этди.

Шунингдек, 159 та йирик кон геология-қидирув ишларини йўлга қўйиш учун сармоядорларга таклиф қилинди.

- Тавсия қилинган мазкур объектлар ичида ярқирама тош хом-ашёси конлари, фосфоритлар, тоғ кимё ва тоғ маъдан уюмлари бор. Хусусан¸ мармар ва бошқа турдаги ноёб тошлар, оҳактош, доломит, барит, каолин каби оддий материалларни қазиб олишнинг истиқболлари Ўзбекистонда жуда юқори ва бунга ҳам ички ҳам ташқи бозорда талаб- эҳтиёж катта, дейди “Econews” журналисти Рустам Иброҳимов.



Тошкентдаги анжуманда Хитойнинг Shindоg Silikon, Shindog Resources, Runil Development INC ҳамда Ўзбекистонда фаолият қилаётган Rio Tinto, UzChinaUran, Amir Mineral, MICROVINE, Global Co.Ltd каби ширкат вакиллари қатнашди.

Бу ширкатлар Ўзбекистонда таклиф этилаётган конларни ўзлаштиришга қизиқиш билдиришдими, деб сўраймиз Рустам Иброҳимовдан:

- Қизиқиш бўлди, лекин қанақа шартномалар имзоланди, билмайман. Лекин ҳозирнинг ўзида бизда чет эл ва ўзимизни сармоялар асосида 1000 дан ортиқ конлар, шахталар, карьерлар, нефт ва газ конлари ишлаб турибди, дейди Иброҳимов.

Тошкентдаги анжуманда янги йўналиш – экотуризм ва геотуризмни ривожлантиришга мўлжалланган геологик объектлар ҳам сармоядорларга тавсия этилди.

- Экотуризм бўйича Ўзбекистонда катта имкониятлар бор. Бухородаги “Жайрон” экомаркази бор у ерда Қизил китобга кирган ноёб ҳайвонлар, жайронларни кўпайтиришяпти, зотдор отларни кўпайтиришяпти. Ўзбекистонда бундай жойлар жуда кўп, дейди “Econews” журналисти Рустам Иброҳимов.

Лекин, мутахасисилар фикрича, амалда Ўзбекистонда сайёҳлик имкониятларидан тўла-тўкис фойдаланилмайди, мамлакатда туристларни қабул қилиш амалиёти салоҳиятга нисбатан анча кам. Сайёҳликнинг Ўзбекистон ялпи миллий маҳсулотига нисбатан улуши 1 фоизга ҳам етмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG