Линклар

logo-print

Греция парламенти харажатни қисқартиришга рози бўлди


Бюджетни қисқартириш масаласи муҳокама қилинаётган пайтда Греция парламенти олдида ўн минглаб одам норозилик намойишига чиқди.

Бюджетни қисқартириш масаласи муҳокама қилинаётган пайтда Греция парламенти олдида ўн минглаб одам норозилик намойишига чиқди.

Греция парламенти давлат харажатларини қисқартиришга оид чораларни маъқуллади. Грецияликлар норозилигига сабаб бўлаётган қарор халқаро молиявий ёрдамни олиш ва давлатни банкротдан сақлаб қолиш учун зарурдир. Жумладан, бюджет ходимлари маошини қисқартиришни ҳам кўзда тутувчи қарор овозга қўйилишидан олдин ўн минглаб грециялик парламент биноси олдида норозилик намойишига тўпланди.


300 депутатдан иборат Греция парламентида овозга қўйилган мазкур қарор учун 153 киши овоз берди. Давлат бюджети харажатларини 13,5 миллиард еврога (17 миллиард АҚШ доллари) қисқартиришни кўзда тутадиган чора, Грецияга 31,5 миллиард евро миқдорида қарз бераётган кредиторлар талабларидан биридир.

Бу ёрдамсиз Греция ҳукумати ноябр ойининг ўрталарида банкротга учраши мумкинлигидан огоҳлантираётган эди.

Давлат қарзи билан боғлиқ бўҳрондан чиқа олмаётган Грецияда ҳукуматнинг бюджет идоралари харажатларини қисқартиришга оид қарори жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарди. Қарор овозга қўйилишидан олдин ўн минглаб грециялик парламент биноси олдида норозилик намойишига тўпланди. Полиция норозиларга қарши сув пуркагич ва кўз ёшини оқизувчи газни ишга солди.

Давлат идоралари ишчилари маошини қисқартиришни ҳам ўз ичига олувчи қарор муҳокамаси Греция бўйлаб умуммиллий иш ташлашнинг иккинчи кунига тўғри келди. Икки кун давом этган иш ташлаш боис жамоатчилик транспорти тўхтаб қолди, мактаб, касалхона ва бошқа давлат идоралари ёпилди.

Грецияга халқаро молиявий ёрдам берилиши учун қабул қилинган чораларга, маошни қисқартириш, солиқларни ошириш, бюджет идоралари ходимларини ишдан бўшатишни осонлаштирувчи қоидаларнинг жорий қилинишини ўз ичига олади. Чоралар ичида шунингдек пенсия ёшини 67 га кўтариб, энг кам иш ҳақи билан пенсия миқдорини камайтириш ҳам бор.

Қадамба-қадам амалга тадбиқ қилиниши айтилаётган чоралар воситасида Греция бюджети камомадини 2016 йилга қадар ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизи миқдорида камайтиришга умид қилимоқда.

Унга қарши чиқаётганлар эса бу билан Греция йилларга ортга ташланиши ва оддий халқ қашшоқлашишини айтмоқда.

Афинада ўтказилган норозилик намойиши иштирокчиси, ишсиз Димитрис Вассилополус Рейтерс агентлигига бундай деди.

- Депутатлар овоз бераётган чоралар ҳамда ҳозирда сиёсатчилар жорий қилаётган қоидалар билан халқнинг йўқ қилинишига эришмоқчилар, дейди грециялик ишсиз.

Айни пайтда пайшанба куни эълон қилинган статистик маълумотларга кўра, Грецияда ишсизлик рекорд даражада 25,4 фоизга кўтарилган. Греция статистика идораси 10 миллион аҳолиси бор мамлакатда 1,2 миллион киши ишсиз эканини айтмоқда. Бу эса 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганларининг ярмидан кўпроғини ташкил қилади.


Парламентдаги овоз беришдан олдин бош вазир Антонис Самарас депутатлар олдида қилган чиқишида мазкур чоралар Грецияни банкротдан қутқариб қолиш учун зарур, дея баён қилди. Чоралар маъқулланмаса, деди у, Греция евро пул бирлиги ҳудудидан чиқиш ва эски драҳмасига қайтишга мажбур бўлади.

- Греция сабр қаноат кўрсатса, бўҳрондан чиқади. Қарз ботқоғидан қутулади. Мен бу мақсадга ҳаммамиз биргаликда эришиши лозим демоқчиман, биз буни қила оламиз. Бу мақсадни амалга ошира оламиз. Мен шуни истаяпман холос, бундан ортиғи керак эмас, деди Греция раҳбари.

У шунингдек бу чоралар йиллар давомида исрофгарчилик ва орқа-олдига қарамасдан қилинган харажатларга йўл қўймаслик учун анча аввал қабул қилиниши лозим эди, дея қўшимча қилди.

- Мажбуриятларимизни бажариб, давлат қарзларининг бир қисмини дарҳол тўлай олишимиз учун 31 миллиард евродан кўпроқ ёрдам олшга ҳаракат қиламан. Ҳамкасблар Грецияда дунёнинг бошқа мамлакатларида мисли кўрилмаган ҳолат ҳукм сурди ва бу бизни банкротлик ёқасига олиб келди. Бугун биз ҳамма нарсани бирданига ўзгартирмоқдамиз. Бировга ёқадими, йўқми бу ҳақиқий маънодаги инқилобдир, деди Самарас.

Парламентнинг якшанба, 11 ноябр куни 2013 йилги давлат бюджетини овозга қўйиши кутилмоқда. Бюджет харажатларини қисқартириш талаби Грецияни бўҳрондан олиб чиқишга кўмаклашаётган Европа Иттифоқи, Халқаро валюта жамғармаси ва Европа Марказий банки томонидан илгари сурилган.
XS
SM
MD
LG