Линклар

logo-print

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат дастури олиб борган тадқиқот натижасида Қирғизистонда 1 миллион 300 минг одам озиқ-овқат етишмаслиги шароитида яшаётгани аниқланди.

БМТ Озиқ-овқат дастурининг кам таъминланган табақаларга ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи Кейго Обаранинг айтишича, тадқиқот сентябр ойида олиб борилган. Тадқиқот натижасида Қирғизистон аҳолисининг 25 фоизи ёки 1 миллион 300 минг одам озиқ-овқат етишмаслиги шароитида яшаётгани аниқланган.

Обара ўтган йилларда бу кўрсаткич 19 фоиз атрофида бўлганини, шундан келиб чиқилса, Қирғизистонда тўйиб овқатланмайдиган оилалар сони ўсганини таъкидлади.

- Мен аввало “Озиқ-овқат хавфсизлиги нима?” деган саволга жавоб бермоқчиман. Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир одамнинг ўзи истаган даражада сифатли овқат истеъмол қила олиш кўрсаткичидир. Аммо Қирғизистонда ўтказилган тадқиқотлар аҳолининг 25 фоизи тўйиб овқатлана олмаслигини кўрсатди. Ўтган йилларда бу кўрсаткич 19 фоиз эди. Тўйиб овқатланмайдиганлар сонининг кўпайишига жаҳонда озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ҳам сабаб бўлган, - деди Кейго Обара.

Озиқ-овқат муаммоси айниқса 2010 йил қирғинини бошидан кечирган ўшликлар учун долзарб бўлиб турибди. Ўшлик Зулайҳо Салимованинг айтишича, сўнгги икки ҳафта ичида Ўш бозорида озиқ-овқат нарҳлари 10-15 сўмга қимматлаган. Зулайҳо Салимова қишга озиқ-овқат ғамлаш учун шаҳар атрофидаги қишлоқларга чиқиб, пахата терган ва мардикорлик қилган. Унга кўра, у умрида биринчи марта қорин тўйдириш ғамида мардикорлик қилишга мажбур бўлган.

Зулайҳо Салимованинг турмуш ўртоғи олий малакали инжинер. Бироқ бугунги кунда ишсиз қолган. У оиласининг қорнини тўйдириш учун шу кунларда Россия бориб мардикорлик қилиш ниятида юрган экан.

БМТ мутахасислари Қирғизистон ҳукуматига озиқ –овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кесин чоралар кўришни тавсия қилмоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат дастури вакили Кейго Обаранинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати айни пайтда дон ва дон маҳсулотларини четга сотишга вақтинча тақиқ жорий этган. Бу эса мамлакатда ун нархининг муайян вақтга арзонлашига сабаб бўлиши мумкин. Лекин бу билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўлмайди. “Чунки уннинг нархи кун сайин ўсиб бормоқда”, деди Кейго Обара.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG