Линклар

logo-print
Фарғонада фуқаро мурожаатига эътиборсиз пенсия бўлими раҳбари жазоланди. Қашқадарёда гултувакда гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирган 52 ёшли аёл судга тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Газ портлашидан икки киши ҳалок бўлди”

Сирдарё вилоятидаги иккита газ қуйиш шoхобчасида рўй берган портлаш натижасида икки киши нобуд бўлди (“Адолат кўзгуси”, 8 ноябр).

18 октябр куни Мирзаобод тумани Деҳқонобод маҳалласидаги “Азия автобут сервис” фирмасига қарашли метан газ қуйиш шoхобчасида А.Жабборовга тегишли “Нексия” портлаб кетган. Натижада шахобча ходими, 1986 йилда туғилган Акбар Халилов вафот этган.

19 октябр куни Сирдарё тумани Бахт шаҳри ҳудудидаги “Ғайрат Ғаниев” фирмасига қарашли метан газ қуйиш шoхобчасида ҳам “Нексия” портлаган.

Натижада метан газ тўлдирувчи бўлиб ишлаган, 1989 йилда туғилган Шуҳрат Ғоипов воқеа жойида вафот этган. Сирдарё вилоят прокуратураси расмийси Собиржон Норбўтаевга кўра, ҳар икки ҳолат бўйича суриштирув олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, ушбу воқеалардан кейин Сирдарёда газ баллонлари ўрнатилган машиналарни текшириш кучайтирилган. Хитойда ишлаб чиқарилган “Медия” русумли газ баллонлари яроқсиз деб эълон қилинган ва айни пайтда мазкур русумдаги газ баллонлари машиналардан ечиб олинмоқда.

“Миллий кутубхонага кириш қийинлашди”

Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона хавфсизлигига масъул бўлган ходимлар ташриф буюрувчиларга қўпол муомалада бўлмоқда, бу ерга келувчиларни текшириш тинтувни ёдга солади (“Новый век”, 8 ноябр).

“Одамлар, хусусан, аёллар ва қизлар кутубхонага ўзлари билан органайзер, дафтар, пардоз буюмлари, дастрўмол, ҳамён, уяли телефон, калит, кўзойнак, баъзида дори-дармон, яна нелардир олиб боради. Маълум бўлишича, буларнинг ҳаммасини бегоналар олдида сумкадан чиқариб кўрсатиш керак... Бу объектлар хавфсизликни кўзлаб махсус қўриқланишини тушуниш мумкин. Лекин инсонларни хўрлаш нима учун керак?” деб ёзади С.Фелдман. Муаллиф қўриқлаш хизмати ходимларига муомала маданиятини ўргатиш, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлашда одамларни тинтиш ўрнига видеокузатувдан самарали фойдаланишни таклиф қилади.

“Пенсия жамғармаси бошлиғи жаримага тортилди”

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи Музаффар Қўлдошев жаримага тортилди (“Инсон ва қонун”, 6 ноябр). Маълум бўлишича, фуқаро Соҳиба Ҳасанбоева жияни Саидоқилга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинлашни сўраб, бўлим раҳбарига мурожаат қилади. Аммо бошлиқ Қўлдошев мурожаатни эътиборсиз қолдириб келади. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди фуқаро мурожаатига эътиборсиз бошлиққа жарима тайинлаган, шунингдек, Ҳасанбоева фойдасига 300 минг сўм маънавий зарар ундирган.

“Одамфурушларга 8 йил қамоқ тайинланди”

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Ҳамза тумани суди Нигора Усмонова ва Бузаҳро Қодировани 8 йилга озодликдан маҳрум этди. “Адолат” газетасига кўра, судланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича одам савдосида айбдор деб топилган. Судланувчилар бир неча аёлни Қозоғистон ва Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирликларига ўтказган ва катта миқдордаги пулга сотиб юборган. Одам савдоси қурбонлари Дубайда фоҳишаликка мажбурланган.

“Гултувакда... гиёҳвандлик ўсимлиги”

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманилик 5 фарзанднинг онаси, бир қанча набиранинг бувиси, 52 ёшли Гулнора Хўжаева гултувакда ва экинлар орасида гиёҳвандлик ўсимлигини етиштирган. “Ҳуқуқ оламида” газетасига кўра, судланувчининг аёл экани, жиноят оқибатида моддий манфаат кўрмагани инобатга олиниб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 15 баробари миқдорида жарима ва гиёҳвандликка қарши мажбурий даволаниш тайинланган.

“Ўқувчиларга 1776 ноутбук берилди”

Навоийнинг Хатирчи, Конимех, Нурота, Учқудуқ туманларидаги мактаб ўқувчилари 1776 та ноутбук берилди (“Правда Востока” 8 ноябр). Жаҳон банки молиялаштириган мактаб таълимини ривожлантириш лойиҳа доирасида ўқувчиларга бадиий адабиёт, мусиқа асбоблари ҳам улашилган.

“Ишчилар 5 ой маошсиз қолди”

Самарқанддаги Сиёб Халқ банки бўлими ходимаси фуқаро Мамлакат Холиқовадан коммунал тўловларни тўлаш пайти асоссиз равишда 10 фоиз ушлаб қолган. Банк ходимаси “Пластик карточка орқали хизмат кўрсатилганида банк хизмати учун фоиз ушлаб қолинади” дея важ кўрсатган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакили Умида Мансурова “Адолат” газетасига билдиришича, ушбу ҳаракати учун банк ходимасига ҳайфсан ва иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилган.

Шунингдек, Қашқардарё вилояти Муборак магистрал газ қувурлари бошқармасининг етти нафар ишчиси Миллий банк пластик карточка билан таъминламагани сабабли 5 ой мобайнида иш ҳақи ололмагани аниқланган.

“Акфа-медиа”нинг ёпилиши сабаби мавҳумлигича қолмоқда”

Тошкентдаги “Акфа-медиа” продюсерлик маркази фаолиятининг тугатилиши ва барча хонандалар билан шартноманинг бекор қилиниши ҳануз мавҳумлигича қолмоқда (“Даракчи” 8 ноябр). “Балки келгусида продсерлик маркази яна тикланар, бироқ бу қачон рўй беришини аниқ айтолмаймиз” деган компания бош директори Абдураҳмон Позилжонов. “Акфа-медиа” компанияси 2006 йилнинг 16 майида ташкил қилинган. Марказ хонандалар тайёрлаган, клип ва филм суратга олган.

Қизилтепада данаксиз анор мевага кирди

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида яшовчи Ибодулла Нарзиев боғида етиштирилган анорнинг янги – данаксиз нави ҳосилга кирди. Анорнинг бу нави Ўзбекистон Миллий университети биология факултети магитранти Алишер Сафаровнинг изланишлари сабабли юзага келди. Анор серсув ва ширинлиги билан ажралиб турибди, дея қайд этади “Даракчи” нашри.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG