Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:56

"Бунëдкор" кимларнинг пулига қурилгани маълум бўлди



“Бунёдкор футбол клуби” очиқ акциядорлик жамиятининг “КQB Бунёдкор” шўъба корхонаси нинг ўзини таништиришни истамаган масъул вакилига мухбиримиз Озодликка етиб келган бир ҳужжатнинг сохта ё ростлигини аниқлаш учун мурожаат қилган эди.

Ростлиги тасдиқланган ҳужжатда эса, кенг жамоатчилик билиб қўйиши керак бўлган информация борки, у "Жамият ва қонун" эшиттиришининг бугунги мавзуини белгилаб берди.

“Бунёдкор” стадиони қурилишига мутасадди ташкилот вакили Озодлик мухбири бир норасмий манбадан нусхасини олган хатнинг рост хат эканлигини тасдиқлади.

Эҳсон тўлаш графиги

Хатки, “Бунёдкор футбол клуби” очиқ акциядорлик жамиятининг “КQB Бунёдкор” шўъба корхонаси директори Г. Юлдашев имзолаган ... рақамли ва 2012 йилнинг ... мартида Тошкентдаги хусусий банклардан бирига юборилган расмий мактубдир.
(Хат рақами, у жўнатилган кун ва адресат номини унинг нусхасини Озодликка тақдим этган кишининг илтимосига биноан келтирмаяпмиз)

“Бунёдкор” стадиони қурилиши вакили “Ҳа, биздан чиққан бу хат”, деб тасдиқлаган мактубда ҳеч қандай ғайриқонуний гап йўқ.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил, 13 мартдаги 70-қарорига биноан биз исмини келтирмаётган банкдан “Бунёдкор” стадиони қурилишига хайрия сифатида 1,0 миллиард сўм ўтказиш сўралган.

Хатнинг хайрон қолдирадиган жиҳати шундаки, хайр-эҳсон олгувчи – “Бунёдкор” хайр-эҳсонни бергувчи – Банкка 1,0 млрд сўмни қачон ва нечага бўлиб ўтказиши кераклигини белгилаб берган.

Олгувчининг Бергувчига тузиб берган жадвалига кўра, Бергувчи Олгувчига 1,0 млрд сўмнинг тўртдан бирини мартда, ярмини апрелда ва қолган тўртдан бирини май ойида тўлаши керак.

296 000 000 000 сўмлик эҳсон

Пулни олгувчи ташкилот вакили бундай хатлар қанча ташкилотга ёзилганини айтиб беролмади. Бироқ ҳукуматнинг тилга олинган қарорига тиркалган Иловадан келиб чиқилса, хат олган ташкилотлар камида 33 тадир.

Иловада ҳукумат қайси ташкилот неча пул ўтказиши лозимлигини белгилаб қўйган.
Масалан:

“Ўзбекнефтегаз” МХК – 40,0 млрд сўм
“Ўзбекнефтегаз” МХК таркибидаги корхоналар – 52, 3 млрд сўм
“Шўртангаз” газ-кимё комплекси - 22, 6 млрд сўм,
“Ўзметкомбинат”- 10 млрд сўм.
“Ўзавтосаноат” – 10 млрд сўм.
“Хоразмшакар” - 10 млрд сўм.
“Ўзбекистон темир йўллари” – 5 млрд сўм.

Ва ҳоказо...

“Бунёдкор” стадиони қурилишига пул ўтказишни ҳукумат жамоат ташкилотларига ҳам буюрган.

Масалан, “Маҳалла” жамғармаси 10 млрд сўм хайр-эҳсон қилиши лозим эди.
Жами бўлиб, 33 та конкрет ва рўйхатнинг 34-поғонасидаги “бошқалар”га кирувчи номи аталмаган корхона, ташкилот ва муассаса стадион қурилишига 296 млрд сўм, ёки давлат курси бўйича тақрибан 118 миллион евро пул эҳсон қилиши режалаштирилган.

Ҳаммаси қонуний

Бир қарашда, “Бунёдкор” стадиони қурилишига мутасадди ташкилотнинг пул талаб қилиб банкка жўнатган хатида фавқулодда ҳеч нарса кўринмайди. Хат ҳукумат қарорига асосланган.

Ҳукумат қарорида ҳам фавқулодда ҳеч нарса кўринмайди. Қарор президентнинг 2011 йил, 19 январидаги қарорига асосланган.

Ўз навбатида президент ҳам қарор чиқарар экан, бирон ҳужжатга таянгандир?

Масалан, Конституцияга?

Қолаверса, корхона, ташкилот, муассалар, ҳатто уларнинг баъзилари хусусий бўлса-да, стадион қурилишига пул берса “ма қипти?”

Ахир, стадион халққа қоладику, кўпчиликка қоладику?!
Ахир йирик бизнеснинг ижтимоий масъулияти бўлиши керак.

Ва ниҳоят, тирикчилигини базўр ўтказаётган оддий ўзбекнинг ҳам ғудранмаси қулоққа чалинмоқда: “Беришсин-да халққаям қорни катта бойлар, ўзлари еявермай!”

Лекин, барибир, кўнгил равшан эмас.

Қандайдир, ғалатлик бор бу ерда. Тушунарсиз нарса бор.

Аудиторнинг деганлари

Ғалатликни тушунтириб беришини сўраб, тошкентлик бир аудиторга мурожаат қилдик. Исмини айтмасликка, овозини эшиттирмасликка ваъда берганимиздан сўнггина у вазиятни шарҳлашга розилик берди.

Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг бугун ўрганаётганимиздай қарори тўлалигича давлат мулки бўлган корхоналар ёки банкларга нисбатан чиқарилиши мумкиндир. Бироқ бундай қарор билан хусусий корхона ёки банкни хайр-эҳсон қилишга мажбурлаш мантиққа ҳам, қонунга ҳам хилофдир.

“Турли тадбирларни ўтказиш, турли иншоотларни қуриш учун Бунёдкорга йиғилгандай пул йиғиш Ўзбекистонда одатга айланиб қолган, чунки, давлат бюджетида пул кам”, деди молия тафтишчиси.

Суҳбатдошимиз ҳукумат қарорида назарда тутилган пуллардан ташқари “Тошкентнинг темир бозорларидан темирларнинг мусодара қилиб олиб чиқиб кетилгани, ўша темирлар ҳам стадион қурилишига кетгани” тўғрисида ҳам гапирди.

Иқтисодчининг айтишича, “Бунёдкор”га пул ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан асосланган ва қандайдир қонуний кўриниш касб этган. “Лекин, оғзаки буйруқ билан ўтказиладиган пулларнинг ҳисоби йўқ”, деди у. “Айтилган суммани айтилган вақтда ўтказмаган ташкилотдан тез орада лицензияси тортиб олинади ва фаолияти тўхтатилади”, деди тафтишчи.

У ҳукуматнинг корхона, ташкилот ва муассасалардан пул талаб қилишини "олдинги замонлардаги қароқчиларга" ўхшатди. “Йўл устида турадиган қароқчилар карвонларни талагани каби”, деди у.

“Давлатнинг мажбурлови билан тўлайдиган эҳсон пуллари ишлаб чиқариш корхоналари ва молия муассаларининг ўзида қолганида эди, улар ўша маблағларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қисман ишчи-хизматчилар маошини кўтариш учун сарфлаш имконига эга бўлган бўлар эдилар”, деди тафтишчи.

“Давлатнинг корхона, ташкилот ва корхоналарга қилаётган муомаласи кўринишидан тўғрига ўхшайди, лекин моҳияти қароқчиликдир, бу усул билан давлат ўзининг йиртиғини ямаб олар, бироқ корхоналар, демакки, мамлакат иқтисодиёти ривожланмайди”, деди тошкентлик аудитор.

“Тўламаган “ўлади”

Масалага молия соҳасидаги мутахассис кўзи билан эмас, публицист кўзи билан ҳам қарамоқчи бўлиб, журналист Абдураҳмон Ташановни ҳам суҳбатга тортдик.

Озодлик: Абдураҳмон нимаси ëмон? Мана банк 500 минг доллар атрофида ўтказибди. Ўтказса, халқ фойдаланадиган стадионга ўтказибдида. Нимаси ëмон?

- Бу истеҳзоли саволингизга мен шу билан жавоб бермоқчиман. Иккита талаба бола “тушликдан тежаб китоб олиб ўқисак, дунëқарашимиз бой бўлиб кетади” деб ўша куни оч юришган. Китоб олишган. Кечқурун эконом қилиб унга ҳам китоб олишган. Умуман мақсади эзгу бўлган, лекин ...

Абдураҳмон билан суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:59 0:00
Бевосита линк

Якунига етаётган эшиттиришимиз тўлақонли бўлиши учун яна бир нарса, тўғрироғи, одам, давлатнинг зўрлови билан хайр-эҳсон қилиб келаётган корхона эгасининг фикрлари етмаяпти.

Бундайлар, албатта, кўп. Бундайлар юзлаб ва минглаб.

Лекин улар гапирмайди. Гапиришга ҳадлари сиғадиган шароит бўлганда эди, бугунги эшиттиришимиз ҳам бўлмас эди.

Уни тайёрлаш заруратининг ўзи бўлмас эди.
XS
SM
MD
LG