Линклар

Ўзбекистон ҳукумати ўқитувчилар¸пенсионерлар ва фермерларга мажбуран газета ўқитмоқчи бўлаётир.

Давлатга қарашли ҳар бир ташкилот нашрига ишчи-хизматчи ва пенсионерлар мажбурий тарзда обуна қилинаяпти.

Кузатувларга кўра, “мажбурий обуна” амалиёти энг аввало ўқитувчи ва пенсионерларга нисбатан қўлланилмоқда.

Озодликка телефон қилган ўқитувчиларнинг айтишича¸ бу йилги обуна мавсумида камида иккита газета ёки журналга обуна бўлишга мажбур қилишмоқда.

Советча услубдаги обуна амалиётининг кейинги “қурбонлари” кўп сонли фермерлар бўлиб, улар ўқитувчиларга нисбатан кўпроқ нашрларга обуна бўлишлари шарт ҳисобланади.

Ўзбек фермерлари “мажбурий обуна” амалиётига мустақиллик давридан бошлаб қўшилган бўлишса, ўқитувчилар собиқ иттифоқ давридан буён бу нарсага кўникиб ҳам кетишган.



Тошкент шахрида яшовчи исми айтилишини истамаган инглиз тили ўқитувчиси октябрдаги ойлигидан обуна учун 100 минг сўм ушлаб қолишганидан нолиди.

“Мажбурий обуна” билан боғлиқ муаммолар бугунги "Қурултой" дастурига мавзу бўлди. Шу баҳонада Ўзбекистонда чоп этилаëтган газеталар савияси ҳақида ҳам фикр юритдик.

Суҳбат иштирокчиси¸ таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева миллат равнақида газетанинг тутган ўрни муҳимлигини таъкидлар экан¸ эркин матбуот “мажбурий обунага” муҳтож эмаслигини айтди.

Эшиттиришда Горбачев даврида фаол журналистика билан шуғулланган 1992 йилгача Бутуниттифоқ "Ўқитувчилар" газетасининг Ўзбекистондаги мухбири бўлиб ишлаган ва ҳозирда Германияда истиқомат қиладиган журналист Анвар Усмонов иштирок этди.

Анвар Усмонов назарида “мажбурий обуна” совет давридан мерос қолган амалиëтдир.

Эшиттиришда иштирок этган тошкентлик таҳлилчи Комрон Алиевга кўра “мажбурий обуна” баҳонасида ўқитувчилар чўнтагига қўл тиқиш зўравонлик эканини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг яқин тарихида муштарийлар севгисига мушарраф бўлган “Ҳуррият”¸ “ Моҳият” газетларида ишлаган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов бугун “мажбуран обуна” қилдирилаëтган матбуотнинг ëруғ нуқталаридан сўз очди.

Эшиттириш пайтида Ташанов америкалик сиëсий арбоб Томас Жеферсоннинг мана бу гапидан иқтибос келтирди:

- Агар менга ҳукумат бўлсину газеталар бўлмасин ёки газеталар бўлсину ҳукумат бўлмасин деган таклифдан бирини танлаш лозим бўлса¸ мен ҳеч иккиланмасдан ҳукумат бўлмаса ҳам газеталар бўлиши керак, деган бўлардим.

"Қурултой"ни тўлиқ шаклда қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG