Линклар

logo-print

Сурия мухолифати муштарак раҳбарият борасида келишувга эришиш арафасида


Қатар пойтахти Доҳада учрашаётган Сурия мухолифати вакиллари Ғарб босими билан муштарак раҳбарият ташкил этишга уринмоқда.


Ахборот агентликлари хабарига кўра, Сурия мухолифатини дастаклаётган АҚШ ва Қатар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишни енгиллатиш, Суриядаги партизан гуруҳлари ва фаоллари ҳаракатини мувофиқлаштиришни осонлаштириш ва ўтиш даври ҳукуматини тузишга тайёргарлик кўриш мақсадида мухолифат гуруҳларидан бирлашишни талаб қилмоқда.

Янги ташкилот таркибида ўз мавқеи сусайиши мумкинлигидан хавотирга тушган Сурия миллий кенгаши келишувга эришишни ортга сурмоқда.

Кенгашнинг янги сайланган раҳбари Жорж Сабра халқаро ҳамжамиятнинг келишувга эришиш борасида Сурия миллий кенгашига кўрсатаётган босими ўринсиз эканинини айтиб, Ғарбни Сурия мухолифатини етарли дастакламаётганлик, жумладан, қурол-аслаҳалар етказиб бера олмаётганликда айблади.

Матбуот анжуманида сўзлаган Сабра Сурия миллий кенгаши бошқа мухолифат гуруҳлари ўртага қўйган таклифларни “ўрганиб чиқаётгани”ни айтди.

- Биз Сурия мухолифатидаги бошқа биродарларимиз билан очиқ мулоқотга кирдик. Биз улар таклиф қилган ташаббусларни ўргандик. Биз ҳам ўз қарашларимизга эгамиз ва таклифларимизни илгари сурамиз. Биз ҳам муштарак мухолифат тузиш масаласига жиддий қараймиз ва бу йўлда саъй-ҳаракат қиламиз. Аммо биз бу мустаҳкам пойдеворга эга бўлишини хоҳлаймиз, дея баёнот берди Сурия миллий кенгаши раҳбари.

Етакчи диссидент Риёд Сайид келишувга эришиш учун 90 фоиз имконият борлигини таъкидлади.

Пойтахт Дамашқда сўзлаган Сурия ҳукумати матбуот котиби барча томонни миллий мулоқот бошлашга чақириб, армия музокаралар ўтказиш имкониятини ошириш учун жанглар олиб бораётганини айтди.

Сурия Ахборот вазири Омран Ал-Зоҳби мамлакат жанубида жойлашган Дараа шаҳридаги зобитлар клуби ташқарисида амалга оширилган иккита худкуш ҳужумда бир неча одам нобуд бўлганини билдирди.

Суриялик фаоллар Дараадаги ҳужум оқибатида 20 аскар ўлганини билдирди.

Сурия давлат телевидениеси учта автомобилга ўрнатилган бомбалар портлагани натижасида етти киши ҳалок бўлгани, бир неча одам яраланганини хабар қилди.

Айни пайтда, Сурия ҳукумати кучлари Дамашқни Алеппо (Ҳалаб) шаҳри билан боғлайдиган автомобил йўлининг шимолий қисмини қайта ўз назоратига олди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши 20 ойдан бери давом этаётган қуролли исёнларда шу кунга қадар камида 30 минг одам нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG