Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

“Ucell” ҳақида янги эртак


Паррандаю даррандалар ўртасидаги югуриш мусобақасида ғолиблик... тошбақага насиб қилибди. “Тошкентда ўтган халқаро форумда “Ucell” ширкати етакчи деб топилди” деган хабар чопағон тошбақа ҳақидаги латифанамо нақлни ёдга солиб юборди.

Ўтган ҳафта қатор сайтларда “Маркетинг, реклама ва PR” халқаро форуми ҳақида хабар босилди. Унда, нима эмиш, “Ucell” ширкати маркетинг соҳасидаги лидер деб эълон қилинганмиш.

Муболаға ҳам эви билан-да. Шу кунларда “Ucell” мижозларига, қўшимча хизматларини қўя туринг, телефонда гаплашиш “ит азоби” бўлиб қолди.

Қўнғироқ учун рақам терсангиз, аппарат жонивор палағда тухум ютгандек миқ этмай тураверади.

Омадингиз чопиб қолса, “Терилган рақам билан боғланиш имкони мавжуд эмас!” деган илтифотдан баҳраманд бўласиз!

Урина-урина боғланганингизда ҳам, алоқа ҳе йўқ, бе йўқ узилади-қолади.

Гапнинг пўсткалласи, қўнғироқ қиламан деб асаб толаларини нобуд қилгандан қидирган одамингизнинг олдига бориб (у бошқа шаҳарда бўлса ҳам!), юзма-юз сўзлашиш афзалроқ бўлиб қолди.

Агар одамларимиз ўз ҳаққини билиб, “Ucell”нинг пойма-пой хизмати устидан судга мурожаат қилса, ишонаверинг, компания бор-будини жаримага сарфларди. “Ucell” раҳбарияти қалпоғини осмонга отсинки, биз ўзбекларда истеъмолчилик маданияти ҳали шаклланмаган.

Мижозлар хизмат сифатидан дод деб турган бир пайтда компаниянинг бўлар-бўлмасга ўзини кўз-кўз қилиши, лидерлик иддао қилиши одамга эриш туюлади. Рекламаларини кўрсангиз, оламда бу ширкатга тенг келадигани йўқ деб ўйлаб қоласиз.

Хизматидан фойдаланиб кўрсангиз-чи? Нафақат компания, уяли алоқа хизматидан паққос ҳафсалангиз совийди.

Яна, Тошкентда ўтган халқаро форумга қайтсак.

“Ucell” ширкатини етакчи деб эълон қилганларам зап ҳазилкаш, лофсевар одамларми дейман!

Ё, “Ucell” халқаро форум ташкилотчиларининг ҳам оғзини мойлаганмикин, синалган усулда, “отаси” – TeliaSonera каби!..

Менга қолса-ку, “Ucell”га мукофот эмас, ҳайф сенга 8 миллион мижоз деб, ҳайфсан берардим...


“Ucell” абоненти
XS
SM
MD
LG