Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

Ўзбекистонда 77,3 фоиз бола боғчага бормаяпти


Ўзбекистонда ёш болаларнинг бешдан биригина боғчага қатнайди.
Ўзбекистонда ёш болаларнинг бешдан биригина боғчага қатнайди.

Расмий маълумотга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда боғча ёшидаги болаларнинг фақат 22,7 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинган холос.


Сурхондарё вилояти боғча ёшидаги болалар энг кўп бўлган вилоят ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакат бўйича болалар боғчага энг кам жалб қилинган вилоят ҳам Сурхондарё бўлади.

Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда Сурхондарёда 209 мингдан зиёд боғча ёшидаги бола бўлиб, уларнинг 23 мингдан ошиғи боғчага жалб қилинган холос.

Шўрчилик Неъмат аканинг олти невараси боғча ёшида бўлиб, уларнинг ҳеч бири боғчага бормайди.

- Тўққизта неварам бор,учтаси мактаб ўқувчиси, қолгани боғча ёшида. Лекин невараларим барчаси уйда. Биринчидан имкониятим йўқ. Пул масаласи ҳам бор энди. Бизни авлод боғчани фақат эшитган, лекин ҳеч бири боғча нималигини кўрмаган. Кейин қишлоқдаги боғча бизнинг уйдан 2 километр узоқда, қишлоқнинг энг чеккасида, узоқда уйимизга,- дейди Неъмат ака.



Тўққиз неваранинг бувиси бўлган бойсунлик Комила опанинг уч невараси боғчага боради. Лекин Комила опага кўра, боғча биноси совуқлиги учун невараларини боғчадан олиб қолган.

- Учаласи ҳам уйда. Боғча совуқ бўлгани учун боғчага бермаяпман. Энди кунлар қизиб кетгунча уйда ўтиришади. Кўпчлик совуқ тушгач боғчасини боғчадан олиб қолаяпти,- дейди Комила опа.

Бугунги кунда Сурхондарёда 294 та боғча фаолият кўрсатаяпти. Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутахасисига кўра, вилоятда умуман боғча йўқ қишлоқлар ҳам бор.

- Масалан, Бойсун туманида 10 та боғча бор. Уларнинг еттитаси туман марказида, қолган учтаси қишлоқларда жойлашган. Лекин боғча йўқ бўлган жойлар ҳам борда,- дейди суҳбатдош.

Мутахасисга кўра, боғча тарбиячиларининг ойлик маоши кам бўлиб, бу ҳолат боғча болалари сонининг камайишига ҳам сабаб бўлаяпти.

- Иш ҳақи ошса тарбиячи янада яхшироқ ишлаши мумкин ва боғчага болалар кўпроқ жалб қилиниши мумкин. Ойлик масаласи ҳам боғчага борадиган болалар сонига таъсир қиладиган омиллардан бирида. Биринчиси, ота-оналарнинг имконияти камлиги боис болаларни боғчага бермаётган бўлса, иккинчиси тарбиячиларнинг ойлиги камлигидир,- дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, вилоятдаги боғчаларнинг моддий базаси кўнгилдагидай эмаслиги ҳам муаммо сабабларидан биридир.

- Болани боғчага жалб қилишда моддий базанинг ҳам аҳамияти бор. Ҳамма хоҳлайди чиройли боғча бўлса. Ҳамма хоҳлайди яхши жиҳозлари бўлса. Ҳеч ким жиҳозлари ёмон боғчага боласини бергиси келмайди,- дейди Сурхондарё вилоят халқ таълими бошқармаси мутахасиси.

Сурхондарё бўйича боғча ёшидаги болаларнинг 12 фоизи боғчага жалб қилинган. Бутун мамлакат бўйича бу рақам 22, 7 фоизни ташкил қилади.

Бу рақамлар Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутатларининг боғчалар муаммосига бағишланган йиғилишида қайд қилинди.

Мазкур йиғилишда сурхондарёлик мутахасис тилга олган муаммолар ҳам очиқ-ойдин айтилиб, муаммонинг ечим йўллари муҳокама қилинди.

Йиғилишда болаларни боғчага жалб қилиш кўламини кенгайтириш учун жойларда қисқа муддатли боғчалар фаолиятини йўлга қўйиш тавсия қилинди. Шунингдек, жойларда хусусий боғчаларга кенг йўл бериш айтилди.

Бугунги кунда мамлакат бўйича 67 та хусусий боғча фаолият кўрсатаяпти. Халқ таълими бўлимлари тассаруфида эса 4978 та боғча бўлиб, уларда жами 539 минг 65 бола тарбияланмоқда.

Ҳар йили таълим тизимига ажратилаётган маблағнинг 10 фоизи болалар боғчаларига сарфланади. Расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат боғчаларига жами 343,9 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG