Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:20

Ерни суғориш учун фермер машинасини сотмоқчи


Ўзбекистонда томчилаб суғоришни жорий қилган юридик шахсларни беш йилга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилиш ташаббуси кўтарилмоқда. Бу борада қонунчиликка ўзгартишлар киритиш Ўзбекистон президенти 22 октябрда имзолаган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган, деб хабар қилди 12.уз сайти. Озодлик билан суҳбатлашган баъзи фермерлар ва мутахассислар бу соҳада оптимист бўлиш қийинроқ деган фикрни айтди.



Президентнинг тилга олинган фармонида “кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришда, сувни тежайдиган самарали технологияларни, биринчи навбатда томчилатиб суғоришни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини уларнинг фаолиятига татбиқ этишга кўмаклашиш - Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашларининг энг муҳим вазифалари ва фаолият йўналишлари”дан бири сифатида белгиланган эди.



Бухоролик собиқ фермер Нормурод аканинг томчилаб суғориш усули тўғрисида тасаввури бор.

- Конструкцияда катта ëмкост қўйилади. 5-10 тонна қўйиш мумкин. Полиэтилиновий шланглар бўлади. Шуни қўйиб чиқиш керак эгатларга. Ҳамма минерал ўғитлар, дориларини соласиз. Жўмраклардан томчилаб, уни ҳам кейин компютер орқали бошқарсангиз, яна яхши бўлади. Томчилаб қуйилади томир тагига, дейди бухорролик Нормурод ака.

Мавзуни ўрганар эканмиз, томчилаб суғориш учун зарур жиҳозлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарила бошланганини билдик.

“Махсус полимер” заводи ўз маҳсулотини реклама қилар экан, жумладан, бундай ёзибди:

“Томчилаб суғориш ўзининг ижбий жиҳатларини намойиш қилишга улгурган нисбатан янги усулдир. Бу усулнинг яхши томони шундаки, сув бевосита ўсимлик томирига керакли ва етарли миқдорда етиб боради. Сувнинг буғланиши ва ерга сингиб кетиши олди олиниб, натижада сув сарфи 30-50 фоизга қисқаради”.

“Махсус полимер” заводи мутахассисларининг бу фикрини ўқимаган бўлса ҳам, бухоролик фермер томчилаб суғоришнинг Ўзбекистон шароитида ўта муҳим эканлигини яхши тушунади.

- Сув масаласи танқис. Кейин ҳамма вақт вақтида бўлмайди. Бир ҳафтага ëки 5 кунга сув келадиган бўлса, у пайтда ишлаб чиқарган маҳсулотимиз ўша мева-чевалар ëки пахта суви кечикса, вақтида бера олмайсиз. Ўзбекистон шароитида бу жуда долзарб масала. Буни қилиш керак ҳамма. Олардим. Машинамни сотиб бўлса ҳам олардим, ўшани қурардим, дейди Нормурод ака.

“Машинасини сотиб бўлса ҳам” томчилаб суғориш жиҳозларини сотиб олишга тайёр Нормурод ака улар, ўша жиҳозлар неча пул туришига қизиқиб кўрмаган. Чунки у, боя айтганимиздай, собиқ фермер.

Биз суғоришнинг янги усули неча пулга тушишига қизиқиб кўрдик.

“Махсус полимер” заводининг фирма дўконида суғориш қувурининг бир туригина - диаметри 16 сантиметрлиси бор экан.

Сотувчидан нархини сўрадик.

- 16 диаметрлисининг бир метри 711 сўм.

Озодлик: Бир гектар ерни суғориш учун кетадиган жиҳозларнинг умумий нархи қанча бўлади?

- Эндичи ака бу мана бунақа нарса. Нимага ишлатишига қараб нархи ўзгаради. Мисол боққа бўлса, ҳар бир метрда бўлса, нархи бошқача бўлади, ҳар икки метрда бўлса нархи бошқача бўлади. Ҳар 10 метрда бўладиган бўлса, яна нархи бошқача бўлади. Ориентировочний бир гектарга ака 7 миллионлар бўлиб қолса керак.

Озодлик: 7 миллионга умумий конструкция тушади-а?

- Ҳа, где то шу атрофда бўлади. Энди у нима экишига ҳам қарабда ака. 5 миллион ҳам, 10 миллион ҳам, 15 миллион ҳам бўлиши мумкин. Нима экади, қанақа дарахт, қанақа сув ичади, неча литр ичади, деди “Махсус полимер” заводининг фирма дўкони сотувчиси.

Демак, даласини ёки боғини томчилаб суғормоқчи бўлган ўзбек фермери ҳар бир гектар ер учун камида 7 миллион сўм ёки давлат курсида тақрибан 3 ярим минг доллар пул сарфлаши керак.

Фермерда эса, бир эмас, бир неча ўн гектардан ер бор.

Айнан мана шу ҳолатдан Ўзбекистон ҳукуматининг томчилаб суғоришни жорий қилган юридик шахсларни беш йилга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилишни режалаштираётгани боиси тушунарли бўлади.

Хўш, бухоролик собиқ фермер Нормурод ака ҳукумат таклиф қилиши кутилаётган шартларни қабул қилган ва томчилаб суғориш жиҳозларини сотиб олган бўлармиди?

- Йўқ. Чунки ҳукумат 5 йил солиқдан озод қилиши эвазига фермернинг чўнтагида қоладиган пул томчилаб суғориш ускуналари учун қилинадиган харажатни қопламайди. Қоплаши мумкин қачонки маҳсулотни ўзим сотсам. Лекин ҳозирги бу нархда бўладиган бўлса, бўлмайди. Дарахт эксам, мева-чевасини экспортга нормалний, свободний чиқарадиган бўлсам, конвертация бўлса, у пайтда ўзини қоплайди. Фақат маҳсулотни экспорт қилсам. Ички бозорда ўзини қопламайди, деди собиқ фермер Нормурод ака.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда ягона ер солиғи “мана мунча”, деб аниқ айтишнинг иложи йўқ. Умуман эса, ер солиғи конкрет ер баҳосининг 6,0 фоизи миқдорида белгиланган. Ер баҳоси эса, ҳар бир хўжалик бўйича тегишли идора томонидан алоҳида ҳисоблаб чиқарилади.

Собиқ фермер Нормурод аканинг фикрича, томчилаб суғориш усулини мамлакат бўйлаб кенг ёйиш учун фермерни ер солиғидан озод қилишдан ташқари унга субсидиялар ажратиш билан ёрдам бериш керак.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:59 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG