Линклар

Би-Би-Сининг янгиликлар бўлими раҳбари ва унинг ўринбосари вақтинча вазифасидан четлатилди. Корпорация эълон қилган баёнотда айтилишича, Ҳелен Боуден ва Стив Митчелл "таҳририят бошқарув тизимидаги ноаниқликлар" билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш мақсадида ўз ваколатларини вақтинча бошқа масъулларга топширган.

Якшанба куни Би-Би-Си бошқарув кенгаши раиси корпорация атрофида авж олган жинсий тажовуз билан боғлиқ жанжал боис ташкилот ичида жиддий ислоҳотларга эҳтиёж пайдо бўлганини баён қилди.

Ўтган ҳафта Би-Би-Си дастурларидан бирида собиқ сиёсатчи болаларга нисбатан жинсий тажовузда асоссиз айбланиши ортидан шанба куни корпорация бош директори Жорж Энтвистл истеъфо берди.

Би-Би-Си таҳририяти бу ташкилотда ишлаган таниқли шоумен Жимми Савилга нисбатан айни айбловлар билдирилган дастурни эфирга бермагани боис кескин танқидларга учраб келаётган эди. Ўтган йили вафот этган Жимми Савил юзлаб болаларга нисбатан жинсий тажовуз қилганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG