Линклар

ХВЖ: Ўзбекистон минтақада нарх инфляцияси даражаси энг юқори мамлакатдир


Ўзбекистон бозорларида нархлар бу йил шитоб билан ошиб борганини аввалроқ Озодлик манбалари ҳам айтган эдилар.

Ўзбекистон бозорларида нархлар бу йил шитоб билан ошиб борганини аввалроқ Озодлик манбалари ҳам айтган эдилар.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2012 йилда Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида истеъмол нархлари энг юқори мамлакат Ўзбекистон бўлади.

Иқтисодий мавзуларни ёритишга ихтисослашган Kapital.kz сайтининг ХВЖ Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти директор ўринбосари Юха Кяхконен сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, жорий йилда бу кўрсаткич Ўзбекистонда 12,9 фоизни, Тожикистонда 6 фоизни, Қозоғистонда 5 фоизни, Туркманистонда 4,3 фоизни, Озарбайжонда 3 фоизни, Қирғизистонда 2,9 фоизни, Арманистонда 2,8 фоизни, Грузияда эса 0,2 фоизни ташкил қилади.

Кейинги йилда Ўзбекистонда истеъмол нархлари инфляцияси 10,7 фоизга етиши тахмин қилинмоқда.

Фоиз нисбатида 2013 йилда Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида истеъмол нархлари энг кўп Грузияда (0,2 фоиздан 5,5 фоизга) ўсиши кутилаяпти. Бу кўрсаткич бўйича, ХВЖ прогнозига кўра, Қирғизистон иккинчи ўринда бўлиб, кейинги йилда бу мамлакатда нархлар 9,4 фоизга ўсади. Шунингдек, 2013 йилда Озарбайжонда бу кўрсаткич 6 фоизни, Арманистонда 4,2 фоизни, Тожикистонда 8,1 фоизни, Туркманистонда 6 фоизни ташкил этиши тахмин қилинаяпти.

ХВЖ ҳисоботига мувофиқ, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида истеъмол нархлари инфляцияси 2012 йилда ўртача 5,8 фоизни, 2013 йилда эса 7,2 фоизни ташкил қилади.

Халқаро валюта жамғармаси 2012 йилда нефт ва газ импорт қилувчи мамлакатларда озиқ-овқат нархлари пасаяётгани туфайли инфляция даражаси анча мўътадил бўлишини тахмин қилмоқда. Бироқ, агар жаҳонда озиқ-овқат нархларининг ошиши давом этадиган бўлса, бу инфляцияни яна кучайтириб юбориши мумкин. Чунки нефт ва газ сотиб олувчи мамлакатлардаги ички озиқ-овқат нархлари жаҳондаги нархларга ўта таъсирчандир.

Эслатиб ўтамиз, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон нефт ва газ экспорт қилувчи мамлакатлар бўлиб ҳисобланади. Арманистон, Грузия, Тожикистон ва Қирғизистон эса нефт ва газ импорт қилувчи мамлакатлар қаторига киради.
XS
SM
MD
LG