Линклар

logo-print

Германиянинг Mercedes-Benz автомобилларини ишлаб чиқарувчи Daimler AG ширкати ўз ҳомийлигида Пекинда ўтказилган Мода ҳафталигида Гулнора Каримова иштирок этганидан афсусланиш билдирди.

30 октябр куни Пекинда ўтказилган Mercedes-Benz Мода ҳафталигида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Guli бренди остида ўз либослари ҳамда атир-упалари коллекциясини намойиш қилган эди.

Ушбу тадбирга ҳомийлик қилган Daimler AG унда ўз коллекциялари билан қатнашган дизайнерлар танловига алоқаси бўлмагани ҳақида билдирди. Daimler AG ширкатининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими вакили Силке Мокерт Озодлик сўровига жавобан юборган хатида: "Хитойда ўтган мода ҳафталигида Гулнора Каримованинг пайдо бўлиши бизнинг хоҳиш ва истагимизга зид тарзда амалга оширилди", дея билдирди.

Мокерт хонимга кўра, Daimler ширкати инсон ҳуқуқларининг бузилишида айбланаётган шахсларга майдон беришдан манфаатдор эмас.

"Гулнора Каримованинг бу тадбирда қатнашганидан таассуфдамиз",- дейилади Силке Мокерт юборган ёзма баёнотда.

Ҳуқуқ фаоллари ҳамда журналистлар Мода ҳафталиги ташкилотчилари эътиборини Ўзбекистонда президент Ислом Каримов режими остида содир этилаётган жиддий қонунбузарликлар, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, болалар меҳнатидан воз кечилмаётганига қаратишди.



Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ўзбек қамоқхоналарида бир қанча журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифат фаоли азоб чекмоқда, мунтазам қийноққа солинмоқда.

- Болаларни қул қилиб ишлатиш, диссидентларни қийноққа солиш ҳеч қачон шараф келтирмаган. Мода ҳафталиги шоҳсупасида репрессив ҳукумат вакилига ўрин берилмаслиги керак, деб айтган Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Ҳю Уилямсон Озодлик билан суҳбатда.

Guli бренди остидаги кийимлари билан Гулнора Каримова 2010 йил сентябридаги
Ню Йорк Модалар кўргазмасида ҳам иштирок этган эди.

Бироқ Ню Йоркдаги тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи, болалар меҳнатидан воз кечилмаётганига жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратишга муваффақ бўлгандилар.

Норозиликлар ортидан Каримова хоним Ню Йоркдаги Merсedes-Benz мода ҳафталиги доирасидаги либослар намойишини Cipriani ресторанига кўчиришга мажбур бўлганди.

"Foreign Policy" журнали 2009 йилда Гулнора Каримовани "Дунёнинг энг ёмон қизлари" рўйхатига киритган.

“Каримова хоним Европада хушбичим қоматли, саҳоватпеша аёл сифатида танилган, уни катта давраларда юлдузлар билан бирга кўриш мумкин, ватани Ўзбекистонда эса Каримова хоним қаттол диктатор отасининг вориси бўлишга тиришаётган ва йирик бойлик орттириш йўлида отасининг мавқеидан фойдаланаётган шахс" экани ҳақида ёзган эди журнал.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG