Линклар

logo-print
Бу гал бензин тақчиллашгани сабабини пойтахтга бензин келтираётган составларнинг кечикиши билан изоҳлаётган шохобчалар ходимлари харидорларга тонгги соат 6-8 оралиғида келишни тавсия қилмоқдалар.

Тошкент шаҳридаги қатор автомобилга ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан олинган маълумотларга кўра, сўнгги уч кун ичида бензин таъминотида яна узилиш кузатилмоқда.

- Уч кундан бери шу аҳвол. Эрталаб соат 9-10 гача бензин бўлаяпти. Бензинни кечаси соат 1-2 да келиб, тўкяпти. Шундан эрталаб соат 9-10 гача олишингиз мумкинда. Ундан кейин уже тугаб қолаяпти, - деди Тошкентнинг Олмазор туманидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ходими.

Бу ходимга кўра, такси ҳайдовчилари ва бензинга эҳтиёжи катта бўлган харидорлар тунги соат 3-4 лардан бошлаб, шохобчага келмоқдалар. Шахсий автомобил соҳиблари эса тонгги соат 7 дан бошлаб навбатга турмоқда.

- Шу соат 9-10 дан кейин очеред кўпайиб кетадида. Келсангиз, ярим соат- бир соат туришингиз аниқда, ундан кейин кундузи бензин тугаб қолса, ололмай қолиш ҳам мумкин, дейди Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчасидаги операторлардан бири.



Сўнгги уч кундан буён яна бензин тақчиллигини кузатаётган айрим шохобчалар ходимлари бунинг сабабларидан аниқ хабардор эмаслигини айтмоқдалар.

Улардан баъзилари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан келаётган составларнинг кечикаётганидан хабардорлигини айтмоқда.

- Бензин тортилмаяпти, менимча. Вагонлар ушланиб қолиши мумкин, кечикиши мумкин. Ҳар хилда вазият, деди Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги шохобчалардан бирининг рахбари.

Яна бир суҳбатдош эса буни йил якуни билан боғлади.

- Йил охирлаяптику. Шунга яна бензин тортиляптида, деди пойтахтдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларидан бирининг ходими.

Ўзбекистонда баъзи-баъзида бир неча кунлаб бензин тақчиллашиб қолиши одатий ҳолга айланиб бормоқда ва бундай тақчилликнинг бензин савдосига масъул гуруҳлар томонидан сунъий равишда уюштирилиши ҳам айтиб келинади.

Асосан, Тошкентда кузатиладиган бу ҳолатдан алоҳида гуруҳларнинг манфаатдорлиги ва бу гуруҳларнинг бевосита ҳукумат идораларига алоқадорлиги ҳақидаги турли маълумотлар, одатан, мутасадди идоралар томонидан изоҳсиз қолдириб келинмоқда.

Аммо шу йилнинг ёзида нафақат Тошкент, балки республиканинг бир қатор вилоятларида ҳам кузатилган ёқилғи тақчиллиги ҳақида қатор хориж ахборот воситаларида, шу жумладан, Озодликда берилган хабарлар Ўзбекистон расмий матбуоти томонидан инкор қилинган эди.

12news.uz нашри расмий матбуот Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи йилнинг дастлабки 6 ойи ичида белгиланган лимитдан 2 минг 300 тонна ортиқ бензин ишлаб чиқаргани ҳақида ёзганини хабар қилган эди.

Шунингдек июл ойида тарқатилган расмий хабарда мамлакатдаги аграр секторда ҳосил йиғиш мавсуми бошланаётгани боис, одатдагидек, ёқилғининг биринчи галда шу секторга берлиши қисман тақчилликни келтириши мумкинлиги айтилган эди.

Аммо, шу йил ёзидаги тақчиллик ортидан Фарғонадаги заводнинг мамлакатда бензин тақчиллигини сунъий равишда келтириб чиқариш ва шу орқали бензин нархининг ошишидан манфаат кўрганликда айбланган 30 дан ортиқ раҳбари ходими ҳибсга олинди.

Мустақил манбалар хабарига кўра, ҳозир заводнинг раҳбарияти деярли тўлиқ янгиланган, аммо шунга қарамасдан бензин таъминотида аввал кузатилган муаммолар ҳануз бартараф этилмаган.

Шу йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда бензин нархи оширилган ва Аи-80 маркали бензин 1605 сўм ($0,56), Аи-91 маркали бензин - 1770 сўм ($0,62), Аи-95 маркали бензин эса - 1955 сўм ($0,7) бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси мамлакатда бензин ишлаб чиқариш 2011 йилнинг 9 ойи мобайнида 2,6 фоиз (1,009 миллион тонна), керосин 4,5 фоиз (260,3 минг тонна), дизел ёқилғиси 1,1 фоиз (845,5 минг тонна), сиқилган газ ишлаб чиқариш эса 4,4 фоиз (191,8 минг тонна) га камайганини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 2,8 миллион тонна ҳажмида суюқ углеводород қазиб олинади. Бироқ, биргина Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг қуввати йилига 5 миллион тонна нефтни қайта ишлашга мўлжалланган.

Шу боис таҳлилчилар аввалига хам ашёнинг озлиги, кейин эса ёқилғи савдосига масъул гуруҳларнинг ўта коррупциялашиб кетгани Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллигининг тобора одатий тус олаётгани сабаби эканини айтмоқдалар.

Бундан ташқари, мамлакатда йилдан-йилга кенгайиб бораётган иқтисодий структуралар ва автомобил парклари ҳам мамлакатдаги энергетик тақчилликни янада кучайтираётгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG