Линклар

АҚШнинг Афғонистондаги қўшини қўмондони текширув остида


АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, Алленнинг Жилл Келли исмли аёл билан 2010 – 2012 йиллар ўртасидаги минглаб саҳифали ёзишмалари ўрганилмоқда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, Алленнинг Жилл Келли исмли аёл билан 2010 – 2012 йиллар ўртасидаги минглаб саҳифали ёзишмалари ўрганилмоқда.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларига кўра, Алленнинг Жилл Келли исмли аёл билан 2010 – 2012 йиллар ўртасидаги минглаб саҳифали ёзишмалари ўрганилмоқда.

Петреуслар оиласи дўсти бўлган Келлининг айтишича, у Петреуснинг жазмани бўлгани айтилаётган Пола Бродуэллдан таҳдидли хатлар олган.

Петреус билан Бродуэлл хоним ўртасида ишқий алоқалар мавжуд бўлганининг фош бўлиши унинг ўтган ҳафтада Марказий разведка бошқармаси директорлигидан истеъфо беришига сабаб бўлган эди.

Мудофаа вазири Леон Панетта Жон Алленни АҚШнинг Европадаги қўшини қўмондони ҳамда НАТОнинг Иттифоқчи кучлар олий қўмондони лавозимига текширув якунига етгунича тайинламай туришни таклиф қилди.

Президент Барак Обама мудофаа вазирининг Алленга оид таклифини қўллаб-қувватлади.

Генерал Жон Алленнинг юқорида тилга олинган лавозимга номзоди масаласи Сенатнинг пайшанба кунги мажлисида муҳокама қилиниши ва маъқулланажаги кутилаётган эди.

Леон Панеттага кўра, генерал Аллен Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондонлиги вазифасида ўрнига генерал Жозеф Данфорд етиб боргунга қадар хизмат қилиб туради.

Данфорд номзоди АҚШ Сенати тасдиғидан ўтган.

АҚШ мудофаа вазири генерал Алленнинг Афғонистондаги хизматларини яхши баҳолади. Вазир фикрича, Аллен бошқаруви Толибон жанггариларига қарши курашда хавфсизликни таъминлашда яхши “қурол” бўлди.

АҚШнинг Афғонистондаги қўшини қўмондони лавозимига Аллен Петреусдан сўнг, 2011 йилнинг июлида тайинланган эди.

Ироқ уруши ветерани бўлган Аллен Афғонистонга кетиш арафасида Марказий қўмондонлик бошлиғи ўринбосари вазифасида хизмат қилган.

Мудофаа вазирлигининг исми ошкор этилмаётган расмийсидан олинган маълумотларга таяниб ахборот агентликларининг хабар қилишича, Федерал тергов бюроси Аллен билан Келли ўртасида мавжуд бўлган ва қарийб 30 минг саҳифадан иборат ёзишмаларни ўрганмоқда. Вазирлик расмийсига кўра, Аллен нотўғри иш қилгани тўғрисидаги ҳар қандай эҳтимолни инкор этган.

Аллен нимада гумон қилинаётгани номаълум қолмоқда. Балки у махфий маълумотларни ошкор қилиб юборгандир? Расмийлар бу саволни жавобсиз қолдирди.

37 га кирган Келли, хабарларга қараганда, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Тампадаги (Флорида штати) МакДилл базасида ҳақ тўланмайдиган хизматни бажариб турган. АҚШ Қуролли Кучларининг бош қўмондонлиги шу ерда жойлашган. Петреус ҳам, Аллен ҳам муайян вақт айнан шу базада хизмат қилган.

Яна бир гап. Оммавий ахборот воситалари хабарларига қараганда, душанба куни кечқурун Федерал тергов бюроси ходимлари Пола Бродуэллнинг Шимолий Каролина штати, Шарлотта шаҳридаги уйида тинтув ўтказган.

Федерал тергов бюроси матбуот вакили бу хабарни қисман - ходимлар тилга олинган уйда бўлганини - тасдиқлади, бироқ ташрифдан мақсад нима эканлиги тўғрисидаги саволга жавоб бермади.

Федерал тергов бюроси Бродуэлл билан Петреус ўртасидаги муносабатларда хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган жиҳатлар мавжуд бўлганми-йўқлигини текширмоқда, дейилади хабарларда.
XS
SM
MD
LG