Линклар

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудиясида болалар учун “Сой қўшиғи” ва “Сеҳрли қалпоқча” номли тўлиқ метражли иккита бадиий филмни тасвирга олиш ишлари якунланди.



Бу ҳақда Озодликка билдирган “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот котиби Ҳаким Сатторийга кўра¸ янги филмлар тўлалигича давлат маблағи ҳисобидан суратга олинган.

- “Сеҳрли қалпоқча” номли саргузашт филм борасидаги ишлар ўз якунига етди. Фильм сценарийси машҳур ўзбек болалар ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг романи асосида ёзилган¸- дейди Ҳаким Сатторий.

Суҳбатдошга кўра¸ филмнинг бош қаҳрамони – безори Ҳошимжон доим турли-туман кулгили ҳолатларга тушиб юради.

Ҳошимжон мактабда ўқишни истамайди, меҳнат қилмасдан роҳатда яшашни истайди, аммо ҳаётнинг ўзи унга яхши сабоқ беради.

Охир-оқибатда фильм қаҳрамони инсон ҳаётда билим ва меҳнатсиз узоққа бора олмаслигини тушуниб етади.

“Сой қўшиғи” филмида компютер ўйинларнинг болалар руҳиятига таъсири мавзуси кўтарилган.

- Ижодий жамоа бежизга ушбу мавзуни танлагани йўқ, зеро компютер ўйинларининг болалар дунёқарашига таъсири замонавий жамиятнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади¸- дейди Озодлик билан суҳбатда Ҳаким Сатторий.

Филм сценарийсини таниқли драматург Шароф Бошбеков ëзгани муваффақият гарови сифатида баҳоланмоқда.

Шу пайтгача Шароф Бошбеков ҳамкорлик қилган “Темир хотин”¸ “Маъриф ва Шариф” филмлари томошабинлар орасида машхур бўлган эди.

Олабўжи ҳақида кино

Компютер ўйинларининг болалар дунёқарашига таъсири ҳақидаги киноасарнинг номи “Олабўжи” бўлиши керак эди, кейинроқ ўзгартиришди, дейди сценарий муаллифи Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда:

- Компютер ўйинларининг болалар руҳиятига зарари бутун дунëда долзарб бўлиб турибди. Компютер ўйинидан таъсирланган болаларнинг қотиллик қилишгача бориб етганини биламиз,- дейди Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда.



Game over
Ўз ижодини Ўзбекистонда бошлаган ва ҳозир Россияда танилган киносанъаткор Худойберган Юсупов 2002 йилда Москвадаги “Союзмультфилм” киностудиясида компютер ўйинларига муккасидан кетиб, болалик бахтидан жудо бўлганлар ҳақида "Game over" филмини суратга олган эди.

Филм муаллифи Худойберган Юсупов Озодлик билан суҳбатда 2002 йилда суратга олинган филм мавзуси бугунга келиб янада долзарблашганини айтади:

- 2002 йилда бу муаммо ҳозиргидан кўра долзарб эмасди. Тувак устида ўтириб компютер ўйинга берилган болакай шу ўтиришида чолга айланиб қолганини ўша пайтда бир оз бўрттириб тасвирлаган эдик.

Орадан 10 йил ўтиб бу борадаги воқелик тасаввуримиздагидан ҳам даҳшатли тус олди,- дейди Худойберган Юсупов.

Ўзбекистонлик кинотасвирчи Умида Аҳмедова назарида болаларнинг компютер ўйинларига муккасидан кетишининг салбий оқибати билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш баробарида бугун болаларни компьютердан бутунлай маҳрум қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

- Компьютерлар болаларда дигитал мушоҳадани ривожлантиради¸ реакция тезлашади. Ўз фикрини дигитал тарзда компютерда ифода қилишни ҳам болалар ўйин мобайнида ўрганади,- дейди Умида Аҳмедова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG