Линклар

logo-print

Сочи шаҳри Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жазо тариқасида иш берувчи билан меҳнат шартномаси бузилган ўзбекистонлик муҳожирлар полиция кузатуви остида Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилган.


Шу кунларда 2014 йилги Қишки олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида қурилишлар жадал давом этаётган Сочи шаҳри Ички ишлар бошқармаси берган маълумотларга кўра, оммавий муштлашувда иштирок этган ўзбекистонлик 82 нафар қурувчи мамлакат ҳудудидан чиқиб кетган.

- Террорга қарши кураш комиссияси қарорига биноан “Красная поляна” ҳудудидаги қурилиш объектларида ишлаш чоғида жамоат тартибини бузган фуқаролар билан меҳнат шартномалари бузилди ва 82 кишилик гуруҳ полиция кузатувчи остида доимий яшаш манзилига жўнатилди, деди Россия матбуотига сўзлаган Сочи шаҳрининг “Красная поляна” полиция бўлими раҳбари Сергей Шевченко.

Сочи шаҳар Ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ҳибсда қолаётган яна 110 нафар ўзбекистонлик ҳам тез кунларда Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилади.



Бошқарма матбуот хизмати чиқариб юборилар экан, Ўзбекистон фуқаролари депортация қилинмаётгани, балки улар билан иш берувчи ташкилот ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани боис, уларнинг юртига қайтарилаётганини аниқлаштириб ўтди.

Яъни ортга қайтарилаётган меҳнат муҳожирлари бошқа иш берувчи ташкилотлар билан янги шартнома тузишга муваффақ бўлса, исталган вақтда яна Сочига қайтиши мумкин.

Сочи шаҳри Террорга қарши кураш комиссияси талаби билан қайтарилаётган меҳнат муҳожирлари учун иш берувчи ташкилотлар томонидан йўл пули тўланди ва транспорт воситалари уюштириб берилди.

Ўтган ҳафта душанба куни Сочи шаҳрининг “Горная карусел” спорт ва туризм мажмуаси қурилишида ишлаётган 240 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири орасида оммавий муштлашув келиб чиққан эди.

“Красная поляна” полиция бўлими муштлашув бир ишчининг бошқасига тош отганидан бошлангани ва жиноят жойига етиб борган полиция аралашуви боис жиддий оқибатлар олди олиб, иштирокчилар орасида жиддий тан жароҳати олганлар бўлмаганини маълум қилган эди.

Муштлашув натижасида жами 243 нафар меҳнат муҳожири қўлга олинган, улардан 210 нафари Ўзбекистон, 33 нафари эса Тожикистон фуқаросидир.

Полиция берган маълумотга кўра, айни пайтда жанжални келтириб чиқарганликда гумон қилинган 5 меҳнат муҳожирига нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 213- моддаси 2-қисми (қуролли безорилик) бўйича жиноий иш очилган.

Айбланаётган муҳожирларининг қанчаси Ўзбекистон, қанчаси Тожикистон фуқароси экани ҳозирча номаълум.

Бу ҳодисадан сўнг Сочи мэрияси шаҳардаги барча қурилиш объектларида жиддий текширув ўтказиш ҳақида кўрсатма берди ва сўнгги маълумотга кўра, ҳозирга қадар полиция томонидан 70 га яқин объект текшириб чиқилган.

Бундай текширувларнинг баъзиларида шахсан иштирок этганини айтган шаҳар мэри Анатолий Пахомов бундан буён қурилиш участкаларининг барчасида қаттиқ текширув бўлиши ва комендантлар тайинланишини айтди.

Россия матбуотида берилган хабарга кўра, бундан буён хорижлик қурувчиларнинг йирик гуруҳлари шаҳар ҳудудида комендантлар назорати остида ҳаракатланади.

Бундан ташқари, Сочи шаҳрининг Террорга қарши кураш комиссияси қарори билан катта гуруҳларда бўлган ишчиларга жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва шовқин кўтариш ҳам тақиқланади.

Бундай ҳаракатларнинг олдини олиш учун эса тез-тез рейдлар ўтказилиши ва уларнинг баъзиларида шаҳар ҳокими ҳамда унинг ёрдамчилари шахсан иштирок этиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG