Линклар

Бугун футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси меҳмонда Эрон термасига қарши майдонга тушади. Ўйин 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида ўтади.

Тошкент вақти билан соат 21:30 да бошланадиган учрашувда Эрон жамоаси қизил, Ўзбекистон жамоаси эса кўк рангли либосда ҳаракат қилади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, бугунги ўйинда Ўзбекистон жамоаси асосий таркибидаги икки ярим ҳимоячи – Одил Аҳмедов ва Тимур Кападзелар жароҳати туфайли майдонга тушишмайди.

Саралаш босқичининг “А” гуруҳида беллашаётган Ўзбекистон айни дамда тўрт ўйиндан сўнг 5 очко тўплаган ҳолда беш жамоалик гуруҳда учинчи ўринда бормоқда. Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун Ўзбекистон гуруҳда камида иккинчи ўринни эгаллаши керак.

Эслатамиз, бугун футбол бўйича Ўзбекистоннинг яна бир термаси – 19 ёшгача бўлган футболчилардан иборат ёшлар терма жамоаси шу ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати ярим финалида Жанубий Корея ёшлар терма жамоаси билан беллашади.

Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.
XS
SM
MD
LG