Линклар

Франция янги тузилган Сурия мухолифат коалициясини тан олган илк Европа мамлакати бўлди.

Бу ҳақда Франция президенти Франсуа Олланд сешанба куни матбуот вакиллари учун уюштирилган учрашувда маълум қилди.

Суриянинг мухолиф гуруҳлари ўтган ҳафта Қатарда бир неча кунлик музокаралар ўтказишди ва якшанба куни Башар Ассадга қарши курашувчи кенгайтирилган коалиция тузишга келишишди.

20 ойдан бери давом этаётган тўқнашувлар минглаб сурияликлар ҳаётига зомин бўлди ва юз мингдан зиёд аҳолини бошпана излашга мажбур қилди.

Қоҳирада учрашган Араб Лигаси ва Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари сешанба куни янги мухолифат коалициясини олқишлашди, бироқ расман тан олиш ҳақида айтишмади.

Ҳозирча минтақада олти давлатдан ташкил топган Кўрфаз ҳамкорлик кенгашигина Сурия мухолифат коалициясини тан олган.

Президент Ассад ҳукуматининг иттифоқдоши Эрон келаси ҳафта Сурия миллий мулоқотига мезбонлик қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG