Линклар

logo-print
Инсон ҳуқуқлари бўйича туркман ташаббус гуруҳи раҳбари Фарид Тухбатуллиннинг Озодликка айтишича, бир вақтлар Ўзбекистонда олий ўқув юртларини тугатган ва ҳозирда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги ўрта мактабларида дарс бераётган ўқитувчилар бошқа ҳамкасбларига нисбатан анча кам маош олмоқда:

- Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўзбеклар кўп яшайдиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Собиқ иттифоқ даврида бу ердаги кўпчилик ўқитувчилар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиган. Энди эса туркман ҳукумати Ўзбекистон олий ўқув юртлари берган дипломларни тан олишни истамаяпти. Шунинг учун ҳам бундай дипломли ўқитувчилар меҳнат стажи ва тоифаси учун ойликка қўшиб бериладиган устама ҳақдан мосуво этилган. Бу ўқитувчилар ҳозирда педагогика билим юртида ўқиган касбдошлари билан бир хил маош олаяпти,- дейди Фарид Тухбатуллин.



Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, айни пайтда туркманистонлик ўқитувчиларнинг туркман манатида оладиган ўртача ойлик маоши 300-350 АҚШ долларини ташкил этади. Бироқ Ўзбекистон дипломи бўлган ўқитувчилар бошқа ҳамкасбларига нисбатан 80-85 АҚШ доллари миқдорида кам маош олишади:

- Туркманистонда ҳам дипломлар нострификация қилинади. Масалан, Россия ва Украина дипломлари бемалол легаллаштирилади. Бироқ мен олган ишончли хабарларга кўра, ҳали бирорта ҳам Ўзбекистон дипломи нострификация қилинмаган. Ҳозирги тартибга кўра, нострификацияда иккита имтиҳон бор, бири туркман тилидан, иккинчиси собиқ президент Сапармурад Ниёзовнинг «Руҳнома» асаридан,- дейди Фарид Тухбатуллин.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, бу каби дискриминациядан норози бўлган туркманистонлик ўқитувчиларнинг юқори идораларга мурожаати фойда бермаган. Туркманистон Адлия вазирлигида уларга чет эл дипломлари Таълим вазирлигида тасдиқланиши лозимлигини айтганлар, Таълим вазирлиги эса Ўзбекистон дипломларини нострификация қилишни истамаяпти.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда берилган дипломларнинг тан олинмаслигидан фақат ўқитувчиларгина азият чекаётгани йўқ. Ўзбекистон олийгоҳларида ўқиган ва узоқ йиллик меҳнат стажига эга бўлган муҳандислар, иқтисодчилар ва шифокорлар ҳам ҳозирда Туркманистонда ўрта-махсус таълимли мутахассис дея кўрилмоқда ва шунга яраша ойлик олмоқда.

“Ўзбекистон президентининг жорий йилнинг октябр ойи бошидаги Туркманистонга ташрифи ҳам ўзбек дипломига эга мутахассислар тақдирида мутлақо акс этгани йўқ”, деб ёзади Хроника Туркменистана Интернет сайти.

Маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг эътирофича, Туркманистон мактабларида кўп йиллардан буён малакали ўқитувчилар танқислиги сезилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG