Линклар

logo-print

Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тугатилиб, улар негизида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил қилинади. Бу ҳақдаги Ўзбекистон Президентининг фармони 14 ноябр куни матбуотда эълон қилинди.



Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тугатилиб, улар негизида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил қилинади.

Фармонда янги ташкил этилаётган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилган.

Фармонда айтилишича, бундан асосий мақсад хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, давлат мулкининг хусусий мулк эгаларига сотилишида очиқлик ва ошкораликни таъминловчи давлат тасарруфидан чиқаришнинг янги шакл ва усулларини жорий этиш, монополияга қарши самарали тартиботлар ўрнатиш, рақобат муҳитини ривожлантиришдир.



Шунингдек, акциядорлик жамиятларининг капиталлашуви ва рентабеллиги ўсишини рағбатлантириш ҳисобига фонд бозори, айниқса иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳолининг хабардорлигини кенгайтириш, уларнинг биржа операцияларида фаол қатнашувини таъминлаш, бозор инфратузилмасини янада такомиллаштириш, савдоларни электрон шаклда ўтказишга тўлиқ ўтиш чора-тадбирларини тизимли асосда амалга ошириш асосий мақсадлардан бири эканлиги айтилган.

Бироқ, мустақил иқтисодчилар Ўзбекистонда давлат мулкларини хусусийлаштиришда эркин рақобат муҳити йўқлигини айтадилар. Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг фикрича, бу икки қўмита тугатилиб унинг ўрнида янгиси пайдо бўлгани билан ҳеч нарча ўзгариб қолмайди:

- Бу қўмиталар ўрнига янгиси пайдо бўлганида фақат бир нарса ўзгаради, яъни ўша эшикдаги ёзув. Бунда мен амалдорлар штати қисқаради деган иддаоларга қўшилмайман. Нега деганингизда, қўмитада бўлимлар кўпаяди. Ўзбекистонда хусусийлаштирадиган нарса жуда кам қолди, шу пайтгача аксарият давлат ташкилотлари акциядорлик ташкилотлари бўлиб кетди. Монополистлар қандай ишлаган бўлса ўшандай ишлайди.

Масалан, Олмалиқ ва Навоий тоғ-кон металлургия комбинатлари бор, бошқа йўқ. Ёки Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи билан Бухороноки бор. Буларга ҳеч ким рақобат қила олмайди. Ёки Пахтасаноатсавдо деган ташкилот бор. Буларга ҳам рақобат қиладиган ҳеч ким йўқ. Ёки газ соҳасида ҳам фақат монополистлар бор. Бир сўз билан айтганда Ўзбекистонда рақобатни вужудга келтирадиган муҳитнинг ўзи йўқ,- дейди иқтисодчи.

Миркомил Тошкандий иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта қуриш ва банкрот қилиш борасидаги функцияларни бажариш каби янги қўмитага қўйилган вазифалар ҳам адолатли ҳал қилинишига ишонмаслигини айтади:

- Бизда давлат мулкини хусусийлаштириш жуда ажойиб кечди. Корхоналарни аввал ўзлари сунъий банкрот қилишади ва ўзлари савдога қўйиб, ўзлари арзон нархда сотиб олишади. Бизда бу ҳалол кечмади. Кўп ташкилотлар худди шундай хусусийлаштирилди,- дейди Миркомил Тошкандий.

Иқтисодчига кўра, Ўзбекистонда бу соҳада адолат қарор топиши учун хусусийлаштириш ва рақобатга оид қонунлар ишлаши керак:

- Адолат мезони бўлиши учун қонунлар ишлаши керак. Бизда қонунлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Битта қонун бузилса, унинг ортидан яна юзта қонун бузилади. Шунинг учун Сенатда назорат комиссияси бўлиши керак, токи ўша қонунлар қандай ишлаётганини назорат қилсин ва ҳар мажлисда бузилаётган қонунлар муҳокама қилинсин. Биздаги ҳозирги асосий вазифа қонунларни ишлаш механизмини яратишдир,- дейди Миркомил Тошкандий.

Фармонга кўра, икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиши лозим.

Озодлик собиқ Ўзбекистон Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига қўнғироқ қилиб, бу фармондан сўнг қанча одам энди ишсиз қолиши мумкинлиги ва янги қўмитанинг вазифалари ҳақида сўрамоқчи бўлди. Бироқ, қўмита сайтида эълон қилинган ҳар икки телефон ҳам жавоб бермади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида 31 мингдан зиёд давлат корхоналари ва объектлари мулкчилик шаклини ўзгартирган. Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 82,5 фоиздан кўпроғи, саноат маҳсулотининг ва пудрат ишлари ҳажмларининг 90 фоиздан ортиғи, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳасининг деярли барча маҳсулоти иқтисодиётнинг нодавлат сектори улушига тўғри келиши айтилади.

XS
SM
MD
LG