Линклар

12 ноябр куни Санкт Петербургнинг Московский туманида Ўзбекистон фуқаросини ўлдирганликда гумонланиб, 32 киши ҳибс этилди. Қўлга олинганларнинг барчасига нисбатан маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилди.




Санкт-Петербургнинг Пулковское шоссесидаги 2-уйда Ўзбекистон фуқаролари бўлган 32 киши қўлга олингани хабар қилинмоқда.

5 оиладан иборат меҳнат муҳожирлари ўзбекистонлик Бахтиёр Тангриқуловнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб ушланди, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Санкт-Петербург прокурорининг катта ёрдамчиси Марина Николаева.

- Шаҳарнинг Московский туманида 32 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Москва туман прокуратурасида Пулковский кўчаси 2-уйда ўзбекистонлик Тангриқулов Бахтиёрнинг ўлдирилиши юзасидан, бу жиноят сабабларини ўрганиш мақсадида Санкт-Петербург Тергов қўмитаси, 33-полиция бўлими, Московский туман Миграция хизмати ва туман маъмурияти вакиллари иштирокида махсус йиғилиш ўтказилди. Мана шу йиғилишда бу уйда яшаётган барча фуқароларни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди,- дейди Марина Николаева.



Прокуратура вакиласи сўзларига кўра, 12 ноябр эрталабки 5:30 дан соат 10:00 ларгача ўтказилган амалиёт натижасида, Тангриқулов яшаб келган номерсиз квартирада ушланган 5 ўзбек оиласи аъзолари маҳаллий полиция бўлимига олиб келинган.

Марина Николаева ўзбекистонликлардан 28 нафари Россия миграция қонунчилигини бузганлиги сабабли маъмурий, яна 4 нафари “турар жойга ғайриқонуний кириб бориш” айби билан жиноий жавобгарликка тортилганини айтади.

- Ундан ташқари туман прокурори кўрсатмасига биноан Москва туман Тергов қўмитаси бўлими томонидан Менглиев Нурбек исмли йигитга нисбатан жиноий иш алоҳида ишлаб чиқаришга ажратилди. Тахминларимизга кўра, бу квартирани ижарага айнан шу Менглиев олган. Қотиллик сабаблари ўрганилмоқда,- дейди Петербург прокуратураси расмийси.

Маълум бўлишича, квартирани ижарага олган Нурбек Менглиевга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 322.1-моддаси асосида “ноқонуний миграцияни ташкил этганлик” айблови билан жиноий иш очилган.

Терговчилар ҳодиса тафсилотлари ва ўлдирилган шахс борасида ҳозирча қўшимча маълумот берилмаслигини маълум қилди.

Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг айби тергов ва суд жараёни давомида ўз исботини топса, улар депортация қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG