Линклар

Фарғона.ру агентлиги Қирғизистонда судлашмоқчи


Фарғона.ру ахборот агентлиги Қирғизистонда 8 ойдан бери парламент қарорига мувофиқ тўсиб қўйилган.

Фарғона.ру ахборот агентлиги Қирғизистонда 8 ойдан бери парламент қарорига мувофиқ тўсиб қўйилган.

Қирғизистон парламентининг 2011 йил июн ойида қабул қилган қарорига мувофиқ Давлат алоқа агентлиги Фарғона.ру ахборот агентлиги сайти тўсиб қўйган. Парламентнинг ноқонуний қарорини ижро этаëтгани учун Фарғона.ру эндиликда бу давлат агентлигини судга бермоқчи.

Қирғизистонда 2010 йил ëзида юзага чиққан қонли миллий низодан бир йил ўтиб¸ мамлакат парламенти мисли кўрилмаган қарор қабул қилди - Ўш ва Жалолободда юзага чиққан июн қирғинини мустақил ëритган Фарғона.ру сайтини Қирғизистонда ëпиш ҳақида буйруқ берилди.

Фарғона ахборот агентлигининг бу ноқонуний қарорнинг ноқонуний ижросини тўхтатиш тўғрисида Давлат алоқа агентлигига қилган расмий мурожаатига нисбатан давлат агентлиги парламент қарорини ижро этиш масъулиятида эканини билдириш орқали жавоб қайтарган.



Бу жараëн бошдан-охирига қадар Қирғизистон қонунларига хилоф бўлгани учун¸ биз Давлат алоқа агентлигини маҳкамага тортишга қарор қилдик¸ дейди 14 ноябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов:

- Сайтимиз Қирғизистонда ëпиб қўйилганидан бери ўтган 8 ой давомида биз турли қирғиз идоралари билан мунтазам ëзишмалар ва музокаралар олиб бордик ва агар биз ҳақиқатан ҳам бирор қонунни бузган бўлсак¸ уни билишга уриндик. Аммо бизга ҳеч ким расман эътироз билдирмади. Давлат ҳокимиятининг қатор тизимлари бизга парламентнинг ўз қарорини бекор қилишини кутишимизни маслаҳат беришди¸ дейди Даниил Кислов.

Олиб бoрилган музокара ва ëзишмалар натижа бермаганидан сўнг¸ боз устига Давлат алоқа агентлиги раҳбари Сагимбаевнинг бизга парламент қарорини бажаришга масъул экани ҳақида йўллаган расмий жавобидан сўнг Фарғона.ру таҳририяти Қирғизистон Давлат алоқа агентлигини судга беришга қарор қилди¸ деб давом этади Кислов:

- Бизнинг асосий битта эътирозимиз бор. Биз ўз сайтимизни нима қилиб бўлса-да Қирғизистонда очилишига эришиш учун маҳкамага бормаяпмиз. Биз агар сайтимиз Қирғизистонда расман тўсиб қўйилар экан¸ бу ишнинг қонунга кўра¸ легитим тарзда амалга оширилишини талаб қиламиз. Қирғизистон қонунларига кўра¸ у ëки бу сайтни тўсиш учун Бош прокуратура судга ариза бериши ва ўз иддаосини асослаб бериши лозим. Шундан сўнг суд ҳукм чиқариши керак бўлади. Ва бу жараëнда бизга ҳам ўзимизни ҳимоя қилишга имкон берилиши керак бўлади¸ дейди Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Даниил Кислов.

Фарғона ахборот агентлигининг Қирғизистондаги ҳақларини ҳимоя қилиш¸ хусусан судда уни ҳимоя қилиш билан бишкеклик адвокат¸ “Прецедент” гуруҳи раҳбари Нурбек Токтакунов шуғулланадиган бўлди.

Озодлик билан суҳбатда адвокат¸ Қирғизистон парламентининг Фарғона.ру агентлиги сайтини тўсиб қўйиш қарори ҳам¸ Давлат алоқа агентлиги томонидан бу қарорнинг ижро этилиши ҳам Қирғизистон қонунларига хилоф эканини таъкидлайди:

- Парламент ўз ваколатида бўлмаган қарор қабул қилди. Давлат алоқа агентлиги эса бу ноқонуний қарорни ижро этиш орқали қонунни бузди. Шунинг учун биз айнан Давлат алоқа агентлигини ноқонуний қарорни ижро этаëтгани учун суда беришга қарор қилдик¸ дейди Токтакунов.

2010 йилнинг апрел-май-июн ойларида Қирғизистон жанубида юзага чиққан воқеалар¸ хусусан миллий низони тафтиш қилган ҳукумат комиссияси ўз хулосалари орасида Фарғона.ру ахборот агентлиги сайтини тўсишни ҳам тавсия қилган эди. Қирғиз парламентининг мустақил ахборот агентлигини тўсиш қарори ана шу комиссия тавсиясига асосланган.

Аммо мустақил кузатувчилар¸ Фарғона.ру сайтининг қирғиз депутатлари томонидан тақиққа учраши ва Давлат алоқа агентлиги томонидан тўсиб қўйилишидан мақсад¸ Қирғизистон жанубидаги асл вазиятга оид мустақил ахборотнинг рус тилида тарқалиши йўлини тўсиш эканини таъкидламоқдалар.

Фарғона.ру бош муҳаррири Даниил Кислов¸ қирғиз судининг агентлик аризаси бўйича чиқарадиган қарори парламент бошқарувига ўтган Қирғизистонда эркин матбуотга нисбатан муносабатнинг қай йўналишга бурилганини очиқ-ойдин кўрсатувчи синов бўлажагини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG