Линклар

logo-print

Халқаро Пен клуб Мамадали Маҳмудов озод қилинишини талаб қилди


Мамадали Маҳмудов.

Мамадали Маҳмудов.

Халқаро ПЕН клуб 15 ноябр - қамоқдаги ёзувчилар халқаро куни муносабати билан ўзбек ëзувчиси Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод қилинишини Ўзбекистон ҳукуматига ëзган мактубида талаб қилди.


15 ноябр қамоқдаги ëзувчилар халқаро куни сифатида 1981 йилдан бери нишонланиб келинади.

Қамоқларда қийналаëтган ëзувчиларга ҳамдардлик билдириш ва уларнинг озод қилинишига эришиш мақсадида Халқаро ПЕН клуб ташкилоти бу кунни қамоқдаги ëзувчилар куни деб эълон қилган.

Халқаро Пен клуб тарафидан қамоқдаги ëзувчи сифатида ҳуқуқлари ҳимоя қилинаëтган ëзувчилардан бири Мамадали Маҳмудовдир.

72 ёшли ёзувчи Мамадали Маҳмудов Тошкентдаги 1999 йилги феврал портлашларига алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.



Халқаро Пен клуб йиллар мобайнида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига мурожаатнома йўллаб, ундан таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудовни зудлик билан қамоқдан озод этишни талаб қилиб келади.

Қамоқдаги ëзувчилар кунида ҳозир тутқунликда қолаëтган ëзувчи Мамадали Маҳмудов билан бирга қамоқда ўтирганлар ва у кишининг яқинларига микрофон тутдик.

Ёзувчининг учта фарзанди ва еттита невараси бор. Унинг оиласи Ўзбекистон ҳуқуқ­тартибот идораларининг доимий назорати остида. Ўғиллари оталари туфайли ишга жойлаша олмаëтганини айтишди.

13 йилдан бери қамоқда қолаётган Мамадали Маҳмудовнинг саломатлигидан хавотир билдирган унинг қизи 40 яшар Ватан Маҳмудова отасидан фахрланишини айтади:

- Отам билан фахрланаман. У киши қамоқда бўлса ҳам асарлари инглиз ва француз тилларида чиқди. Тезроқ қамоқдан қутулиб, набиралари ëнига қайтсин¸- дейди ëзувчининг қизи.

1940 йилда туғилган Мамадали Маҳмудов¸ (таҳаллуси Эврил Турон) Ўзбекистон Маданият жамғармасининг собиқ раисидир.

Бир гуруҳ ўзбек зиёлилари ташаббус гуруҳи билан тузилган ва 1989 йилдан 1993 йилгача фаолият юритган “Туркистон” ҳаракатининг етакчиси Мамадали Маҳмудовни 1999 йил 26 февраль куни ҳибсга олишган эди.

Бундан олдин Мамадали Маҳмудов 1993 йили ҳибсга олинган эди. Ўшанда ёзувчи билан қамоқда бирга ўтирган ëзувчи¸ Халқаро ëзувчилар парламенти аъзоси Сафар Бекжон унинг миллат тақдири борасидаги суҳбатларига ошно бўлганлардан бири.

Сафар Бекжонга кўра, ëзувчи Мамадали Маҳмудов совет даврида ҳам қатағонга учраган ëзувчидир:

- 1982 йили "Шарқ юлдузи" журналида унинг “Ўлмас қоялар” романи чиқди. Романда Россия ишғоли ўша давр конъюнктурасидан фарқли тарзда ифода қилинган,- дейди Сафар Бекжон.

Маълумки, Мамадали Маҳмудов ўзининг “Ўлмас қоялар” асари учун совет даврида таъқибга учраган, аммо кейинчалик ёзувчига бу асари учун Чўлпон мукофоти тақдим қилинган.

Ўзбек қамоқхонасида маҳбус бўлган ва ҳозир Норвегияда сиëсий қочқин мақомида яшовчи Мақсуд Бекжон Мамадали Маҳмудов асарларидаги миллий рух ҳақида гапирар экан, ëзувчининг зудлик билан озод қилиниши зарурлигини урғулади.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён бир қатор маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан унинг озод қилинишини сўраб келаяпти.

Бироқ расмий Тошкентнинг бу каби мурожаатларни инобатга олиш нияти йўқдай кўринади.

Бу вақт давомида ўзбекнинг романи Франция ва Британияда чоп этилди.

Британиянинг Эдингбург шаҳрида шу йил бошида ўзбек адабиётига бағишлаб ўтказилган тадбирда Мамадали Маҳмудов асарларидан намуналар ўқиб эшиттирилган эди.

1999 йил февралидаги Тошкент портлашларига алоқадорлик айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган Мамадали Маҳмудов яқинлари билан учрашганида 7-8-асрлардаги араблар босқинига бағишланган тарихий романни турмада ёзганлигини айтган.

Айни пайтда, бу роман турма маъмурияти тарафидан олиб қўйилгани ҳам айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG