Линклар

Россиянинг энг бадавлат фуқароси саналган асли наманганлик Алишер Усмонов¸ Лондондаги RLM Finsbury пиар ширкатига Wikipediaдаги биографиясидан “қоронғу саҳифа”ларни олиб ташлаш учун катта пул тўлади¸ деб ëзди Британия нашрлари.

Forbes нашрининг 2011 йилги ҳисоб-китоби бўйича¸ 18¸1миллиард АҚШ долларига эга бўлган Алишер Усмонов Россиянинг биринчи¸ Британиянинг иккинчи¸ дунëнинг эса¸ 28-энг бой одамидир.

Усмонов Ғарбда асосан Лондондаги "Арсенал" футбол клубининг энг йирик акционери сифатида танилган ва Британиядаги юзлаб миллион долларлик кўчмас мулк эгаси ҳам саналади.

Ўз асосий бизнес активларини анчадан бери легал тарзда Ғарб¸ хусусан Британияга кўчириш тараддудига тушган Алишер Усмонов¸ The Times газетасининг ëзишича¸ ўз миллиардлари ëрдамида ўтмишининг айрим тафсилотлари ўчириб¸ уни тозалашга уринмоқда.

Бу тозалаш¸ Усмоновга қарашли "Мегафон" телекоммуникация ширкатининг 12 миллиард долларга баҳоланган акциялари очиқ савдога қўйилиши олдидан¸ айнан инглиз тилидаги Wikipediaда амалга оширилган.

Мазкур савдо арафасида Усмонов Лондонда жойлашган RLM Finsbury ширкати билан шартнома тузган ва астрономик пул эвазига ширкатнинг исми очиқланмаган пиарчиларига¸ Wikipedia Интернет энциклопедиясига қўйилган инглиз тилидаги ўз биографиясини таҳрир қилиш ҳақида буюртма берган.

“Таҳрир қилиниши”¸ аниқроғи Интернет юзидан ўчирилиши лозим бўлган тафсилотлардан бири Алишер Усмоновнинг 1980 йил 19 августида товламачилик¸ давлат ва жамоат мулкини ўғирлаш айблари билан Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи Ҳарбий трибунали томонидан 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганидир.

Усмонов 1986 йилда¸ қамоқ жазосини тўлиқ ўтамай туриб¸ совет суди томонидан озод этилган¸ 2000 йилда эса¸ Ўзбекистон Олий суди уни расман реабилитация қилган эди. Россия матбуотининг ëзишича¸ Каримовлар оиласи ëрдамида Усмонов ўтмишдаги жиноятларига оид Ўзбекистон ҳуқуқ ва адлия тизимларида сақланиб келган барча далил-исботларни бутунлай йўқ қилишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда¸ Алишер Усмоновнинг ўзи совет суди сиëсий қарашлари учун жазолаганини даъво қилиб¸ ëшлигидан жиноий гуруҳларга алоқадор бўлганини инкор этиб келади. Ўзига нисбатан компромат бўлиши мумкин барча ашëвий далиллар йўқ қилинганига қаттиқ ишонганидан шекилли¸ Усмонов талаби билан¸ Британия ширкати унинг ўтмишига нисбатан берилган “жиноий” деган сўз ва Усмонов қамалашига оид барча тафсилотларни олиб ташлаган. Бунинг ўрнига¸ пиарчилар томонидан Усмоновнинг хайрия ишлари ва санъатга ҳомийлиги ҳақидаги боб киритилган.

Айни соатларда Wikipediанинг инглиз тилидаги сайтига қўйилган Усмонов биографиясида¸ унинг 1980 йилда қамалгани¸ аммо Ўзбекистон Олий суди кейинчалик унинг уйдирма айблар билан¸ адолатсиз равишда қамалганини тан олиб¸ Усмоновнинг ҳеч қачон¸ ҳеч қандай жиноятга қўл урмаганини тан олгани” ҳақидаги қисқа ëзув турибди¸ холос. Усмонов ўтмишининг бундай “тозаланиши” RLM Finsbury пиар ширкатининг ўзига тўланган астрономик пулни оқлагани далилидир.

Wikipediaдаги ўз биографиясидан Усмонов олиб ташланишини талаб қилган ва бунга эришган тафсилотлардан яна бири¸ унинг ўзини танқид қилганлар¸ хусусан мустақил блоггерларга қарши уюштирган кампаниясига оид маълумотлардир.

2007 йилда Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крег Мюррей Алишер Усмоновни “6 йил қамоқда ўтирган гангстер ва рекетëр” деб атади бунинг ортидан Усмонов Мюррей баëнотини қайтариб босган блоггерларнинг барчасини жавобгарликка тортиш учун туҳмат билан боғлиқ ишларда ихтисослашган Schillings ширкатини ëллаган.

2010 йилнинг август ойида¸ бу можаро билан боғлиқ барча тафсилотлар Wikipediaдаги Усмонов биографиясидан олиб ташланди. The Times газетасининг ëзишича¸ бу ишни айнан Усмоновдан пул олган Finsbury ходими амалга оширган.

Усмонов сир қолишини истаëтган яна бир тоифа тафсилотлар¸ унинг бизнес шериклари¸ шунингдек¸ ўз таклифига кўнмайдиган бизнесменлар билан “ишлаш” услубига оиддир.

АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Марказий Осиëдаги энг йирик наркобарон деб эълон қилинган Ғафур Раҳимов билан алоқалари ҳақида сўралганда 1998 йилда Усмонов¸ “Ғафур менинг ота-онамга ëрдам берган. Аммо менинг у билан ҳеч қандай алоқам¸ хусусан бизнес алоқам йўқ”¸ деб жавоб берган.

Аммо мустақил манбалар Усмоновнинг криминал авторитет бўлган Ғафур Раҳимов билан яқин алоқалари борлигини таъкидлайди ва бу ҳақдаги маълумотлар ҳам Wikipediaнинг инглизча сайтидаги Усмонов биографиясидан олиб ташланган.

Худди шундай¸ инглиз тилидаги Wikipediaга Усмонов ҳақида қўйилган маълумотлар орасидан¸ унинг “Мегафон” ширкатини қандай қўлга киритганига оид можароли тафсилотлар ҳам олиб ташланган.

“Мегафон”нинг аввалги йирик акционери Леонид Рожецкин суд материалларида ўз қўлидаги пакет акцияларни топширмаса¸ жисмонан йўқ қилиниши ҳақида таҳдид қилинганини айтган. Wikipediaга қўйилган мақолада 2008 йил мартида Рожецкиннинг бедарак йўқолгани ва май ойида эса унинг адвокатлари Усмонов билан суд тортишувида муросага эришиб¸ “Мегафон”нинг сотилиши учун ягона тўсиқ орадан кўтарилгани ëзилган эди.

“Гарчи ҳозирча ҳеч ким Усмоновнинг Рожецкин ўлимига алоқаси борлигини исбот қилмаган бўлса ҳам¸ 2008 йилнинг август ойида Усмоновнинг “Мегафон”ни олишига тўсқинлик қилган шахснинг жасади топилди”¸ деб изоҳ беради The Times газетаси.

Усмонов ëллаган пиар ширкати Wikipediaдан умуман Рожецкин номи ва “Мегафон” билан боғлиқ жанжалга оид маълумотларнинг барчасини ўчириб ташлаган.

Британия нашрлари бу ширкатнинг катта пул эвазига Усмонов биографиясини таҳрир қилиб¸ унинг ўтмишдаги шубҳали ҳаракатларини ўчириб ташлаганини фош қилганидан сўнг¸ RLM Finsbury раҳбарияти бу ишига иқрор бўлди ва жамоатчиликдан узр ҳам сўради.

“Wikipediaда Усмонов ҳақида “жиддий ва асоссиз гаплар бор эди¸ аммо биз бу ишни рисоладагидай қилишимиз керак эди. Бундай ëндашув Усмонов томонидан танлангани йўқ”¸ дея баëнот берди ширкат раҳбарияти.

Озодлик Finsbury ширкати масъуллари билан Усмонов биографиясининг таҳрир қилиниши юзасидан кенгроқ шарҳ олишга уринди¸ аммо кун давомида ширкатнинг бу масалада гапириши мумкин ходимининг жойида йўқлиги иддао қилинди.

Дунëдаги энг йирик онлайн энциклопедия бўлмиш Wikipedia исталган шахснинг исталган маълумотни қўйиш¸ тўлдириш ва таҳрир қилишига имкон беради. Аммо айни пайтда¸ Wikipediадан фойдаланиш қоидалари пиар ширкатларининг қўйилган материалларни таҳрир қилишини “манфаатлар тўқнашуви” хавотири юзасидан тақиқлайди.

Усмонов биографиясининг айнан пиар ширкати томонидан таҳрир қилингани муносабати билан туғилган жанжалга муносабат билдирган Wikipedia бошқарувчиси Jane Wilson бу қоидаларнинг Finsbury каби ширкатлар томонидан эътироф этилганини эслатиб ўтди ва уларга яна бир бор Wikipedia билан ишлаш қоидаларини яхшилаб ўқиб чиқишни тавсия қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG