Линклар

Дастуримиз халқаро мавзу билан давом этади. Жаҳон иқтисоди ривожланиши, одамлар ҳаёти сифатининг асосий омилларидан бири энергия ресурсларидир. Энергия соҳасининг катта қисми эса нефт ва газдан иборатдир. Халқаро энергия агентлиги яқинда эълон қилган прогнозларга кўра, 2017 йилга келиб Қўшма Штатлар нефт ишлаб чиқариш бўйича жаҳоннинг етакчи давлатига айланади. Хўш бу энергия воситалари жаҳон бозорини қанчалик ўзгартиради?



Кейинги беш йил давомида сланец конларидан олинган нефт ва газ ҳажмининг ошиши АҚШ энергия саноатининг кескин ўсишига туртки бўлди.

Куни-кеча қароргоҳи Парижда жойлашган Халқаро энергия агентлиги эълон қилган ҳисоботда бу ҳолат глобал энергия воситалари бозрорига қанчалик таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида хулосалар келтирилган.

12 ноябр куни эълон қилинган Жаҳон Энерегия прогнози номли ҳисоботда башорат қилинишича, Қўшма Штатлар 2017 йилга келиб, нефт қазиб олиш бйўчиа Россия ва Саудия Арабистонидан биринчиликни тортиб олади ва дунёнинг энг йирик нефт ишлаб чиқарувчисига айланади.

Халқаро Энергия агентлиги ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, асосан ғарб давлатларидан иборат 28 аъзосига энергия воситаларининг етказиб берилиши муаммоси билан шуғулланади.



Ташкилот прогнозларига кўра, 2030 йилга келиб Қўшма Штатлар ўзи истеъмол қилганидан кўпроқ нефт ишлаб чиқариб, уни экспорт қилиш салоҳиятига эга бўлади ва 2035 йилга келиб ўз эҳтиёжларини тўла қоплайдиган бўлади.

Бу башоратлар амалга ошадиган бўлса, Қўшма Штатларнинг жаҳон энергия бозоридаги бугунги мавқеи тўла ўзгаради. Ҳозирда АҚШ энергия эҳтиёжининг 20 фоизига яқинини импорт ҳисобидан қоплайди.

Лондонда чиқадиган энергетика соҳасига бағишланган “Petroleum Argus” журнали муҳаррири Ричард Чайлд бу бутун дунё энергия бозорини ўзгартириб юборади, дейди.

- АҚШда нефт ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, унга бўлган эҳтиёж эса, энергия самардорлигини ошириш, биринчи навбатда автомобилларнинг ёқилғини самарали ишлатишини ошириш ҳисобидан бир хил маромда ушлаб турилар экан, Қўшма Штатлар шу пайтгача импорт қилиб келган нефт оқими бошқа йўналишга бурилиши лозим бўлади.

Бу ўзгаришларни сезадиганлар орасида Россия, ОПЕК (Нефт ишлаб чиқарувчи давлатлар уюшмаси) ва Европа борлигини айтмоқда халқаро агентлик.

Ҳозирда Европа асосан Россия ва Яқин Шарқдан импорт қилинадиган нефтга тобеъдир. Чунки хом нефтнинг бошқа манбаи бўлган Ғарбий Африка нефтни асосан АҚШга сотади. Лекин АҚШ Ғарбий Африкадан нефт сотиб олишни тўхтатган тақдирда, Европа унга харидор бўлиши мумкин.


Бу эса, нфақат Европа учун энергия манбаларини диверсификация қилиш имконини очади, балки Россия ва ОПЕКни Осиё мамлакатларида бошқа харидорларни қидиришга мажбурлаши мумкин. Халқаро энергия агентлиги башоратларига кўра, 2035 йилга келиб, Яқин Шарқ нефт экспортининг қарийб 90 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирда бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил қилади. Бу Хитой ва Ҳиндистоннинг энергия эҳтиёжлари ошаётгани билан изоҳланмоқда.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг энергия масалалари бўйича эксперти Жон Митчеллнинг айтишича, бу ҳолат Осиёнинг энергия воситларига бўлган эҳтиёжи муаммосини ҳал қилишга ҳисса қўшиши мумкин.

- Ҳозирданоқ Яқин Шарқ нефт экспорти ўсиши Осиё бозоридаги импорт дефицитини қоплай олмаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, дейди таҳлилчи.

Шу билан бирга экспертлар сланец нефт конларига бой Қўшма Штатларнинг йирик нефт экспортчисига айланиши эҳтимоли йўқлигини айтмоқда.

Бунинг биринчи сабаби – иқтисодий. Сланец нефти соҳасининг ўсиб бораётгани асосий омили хом нефтнинг нархидир, яъни бир баррел нефтнинг нархи бугунги 80 доллар тепасида қолсагина бу соҳа фойда келтирадиган бўлади. Агар АҚШ жаҳон бозорини ўз нефти билан тўлдирадиган тақдирда нархларнинг тушиб кетиши хавфи ошади.

Бундан ташқари сланецдан катта миқдорда нефт олиш улкан қазиш ишлари йўлга қўйилишини назарда тутади. Бунинг эса жиддий экологик оқибатлари бўлиши муқаррардир.

Ҳисоботда айтилишича, Қўшма Штатлар нефт ишлаб чиқариш бўйича биринчиликни вақтинча қўлга киритади холос. Масалан, 2020 йилда ишлаб чиқариш авж палласига чиққанда АҚШ бир кунда 11,1 миллион баррел нефт қазиб олиши башорат қилинмоқда. 2035 йилга келиб эса ишлаб чиқариш 9,2 миллион баррелга тушади. Таққослаш учун 2035 йилда Саудия Арабистони кунига 12,3 миллион баррел нефт ишлаб чиқариб, биринчиликни қайтариб олиши прогноз қилинмоқда. Бу вақтга келиб Россия кунига 9 миллион баррелдан ортиқ нефт қазиб олади.

Нима бўлганда, бу рақамлар 20 йилдан кейин жаҳонда қазиб олинадиган нефт миқдори мисли кўрилмаган рекордни уришини англатади. Лекин шунга қарамай нархлар юқори бўлиб қолиши айтилмоқда, чунки унга бўлган эҳтиёж ҳам ўсиб боради.

Халқаро энергия агентлиги прогнозларига кўра, 2035 йилга келиб Ер курраси аҳолиси 8,6 миллиардлик маррани уради ва нефтга бўлган глобал эҳтиёж 10 фоизга ошади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG