Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:29

Тошкент ҳокими қачон велосипедга ўтиради?..


Лондон ҳокими Борис Жонсон.
Лондон ҳокими Борис Жонсон.
Лондон ҳокими Борис Жонсон велосипедда кетаётгани тасвирланган суратга кўзингиз тушмадими, мабодо? Қизиғ-а, ҳайҳотдек шаҳарни сўраб турган ҳокимтўранинг куни қўшғилдиракка қолган бўлса?!

Шу сурат Фейсбук тармоғига қўйилган экан. Бир неча соат ичида бир неча юз одам “Ёқтираман” тугмасини босибди. “Ээ, отангга раҳмат!”, “Яшавор, шоввоз!” “Бўларкан-ку!” сингари турли тиллардаги олқиш-изоҳларнинг ҳам адоғи кўринмайди.

Энди, амалдор одам (яна, Лондон каби қудратли шаҳарнинг ҳокими!) халқ транспортида юрса, авомга мойдек ёқади-да!

Швецияда кимсан подшоҳ аъзам Гюставнинг шахсан ўзлари икки ғилдиракли дастёрда юради, унинг олдида Жонсон ким бўпти дейишингиз мумкин.

Лекин алмойи-жалмойи соч турмаги, анча-мунча арбобнинг ранг-қутини ўчирадиган жазавали чиқишлари ва шунга яраша серкўлам ишлари билан тилга тушган Борис Жонсоннинг йўриғи барибир бўлакча.

Ижтимоий тармоқ ҳам чойхонадек гап, издиҳом кўнглига келганини айтади. Лондон ҳокимининг суратига бу ёғи Қозоғистон-Қирғизистон, у ёғи Россия-Украинадан изоҳлар қолдирилган.

Ҳатто Москва, Санкт-Петербург, Олмаота каби нисбатан либерал шаҳарлар вакиллари ҳам умидсизлик билан ҳокимлари велосипедда юришини тасаввур қилолмасликларини ёзишган.

...Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳам велосипедда юриши мумкинми?!

Ҳар кимнинг оғзи ўзида, албатта. Лекин Тошкенти азимнинг ҳокими нархи мундайроқ автобус олишга етадиган “иномарка”сини бир четга қўйиб, велосипедда ишга келиши... ҳеч тасаввурга сиғмаяпти-да.

Бир-икки йил олдин "пойтахт туман ҳокимлари жамоат транспортида юради" деган хабарлар тарқалди. Бу шунчаки реклама эдим-у, “фалон туман ҳокимини автобусда кўрдим”, деган одам бўлмади.

“Анойи бўлманг, Борис Жонсоннинг “велик”да юриши шунчаки сиёсий технология, сайловчиларнинг кўзини бойлаш усули” дейсизми?

Майли-да, сиёсий технологиями, бошқами, велосипедпарварлиги унинг обрўсини оширяпти-ку. Борис Жонсонбей (бей деганимга ҳайрон бўлманг, синчиларнинг уқтиришича, Лондон ҳокимида турк қони ҳам бор), мана, 2012 йили иккинчи муддатга ҳокимликка сайланди-ку!

Раҳмонбек Усмонов ҳам бирор кун велосипедда юрса (шунчаки хўжакўрсин учун бўлса ҳам!), ҳокимнинг тиригини кўрмаган тошкентликлар, жиллақурса, уни таниб олармиди?..
XS
SM
MD
LG