Линклар

logo-print

Қирғизистон Бош прокурори депутатларни огоҳлантирди


Бош прокурор Аида Салянова коррупцияга аралашган депутатларнинг барчасини жазоламоқчи.

Бош прокурор Аида Салянова коррупцияга аралашган депутатларнинг барчасини жазоламоқчи.

Қирғизистон Бош прокурори парламентни бир қатор депутатлар жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантириди. Айни пайтда парламентнинг тўрт депутати турли жиноят ишлари юзасидан ҳибсда сақланмоқда.

14 ноябр куни Қирғизистон парламентида чиқиш қилган Бош прокурор Аида Салянова яқин орда бир қатор депутатларни жиноий жавобгарликка тортиш учун рухсат олгани парламентга келиши ҳақида маълумот берди.

-Айрим фактлар юзасидан бир қатор депутатларга жиноят иши очилиши мумкин. Ҳозирги кунда очилган жиноят ишлари ҳам бор. Бу ишлар етарли даражада тайёр бўлганидан сўнг мен бу ҳужжатларни кўтариб парламентга келаман. Ҳозир жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган депутатлар исмини ошкор этишга эртароқ, -деди Аида Салянова.

Бишкекликлар орасида энг яхши мэр сифатида шухрат қозонган Наримон Тулеевнинг ҳибс қилиниши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Бишкекликлар орасида энг яхши мэр сифатида шухрат қозонган Наримон Тулеевнинг ҳибс қилиниши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Парламент депутати Наримон Тулеев Бишкек шаҳар мэри лавозимини эгаллаб турганида давлатга 100 миллион сўм миқдорида зиён келтирганликда айбланмоқда. Бош прокурорга кўра, унинг иши бир неча кундан сўнг судга ўтказиб берилади. Депутат Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев, Талант Мамитов 3 октябрда намойиш уюштириб, парламент ва президент маъмурияти жойлашган Оқ уйни босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланиб ҳибс қилинган. Уларга нисбатан жиноят ишлари ҳозирча якунлангани йўқ. Депутат Нурлан Сулаймоновга ҳам коррупция айблови билан жиноят иши очилган.

Парламент махсус комиссияси депутат Наримон Тулеевни ҳибс қилиш жараёнида қонун меъёрлари бузилганини иддао қилди.

-Аввал ҳибсга олиб, ҳужжатларни бошқа куни тўлдириш тергов амалиётига айланиб қолди. Тулеевни ҳибс қилганларидан сўнг бир неча ой ўтгачгина Бош прокурор бизга бу борадаги ҳужжатларни тақдим қила олди. Ҳолбуки бу иш ҳибсга олинишдан олдин амалга оширилиши керак эди, - деди комиссия раиси Қурманбек Осмонов.

Депутат Қамчибек Ташиев ва унинг тарафдорлари Оқ уйга девор ошиб киришга ҳаракат қилмоқда.

Депутат Қамчибек Ташиев ва унинг тарафдорлари Оқ уйга девор ошиб киришга ҳаракат қилмоқда.

Парламент махсус комиссияси депутат Нурлан Сулаймонов икки ойдан бери Германияда юрагини даволатаётгани, шунинг учун у Қирғизистонга қайтиб келганида уни ҳибс қилмай жиноий ишни якунига етказиш юзасидан қарор лойиҳасини таклиф қилди. Лекин Қирғизистон парламентининг кўпчилик депутатлари бу қарорга қарши чиқишди ва “парламент ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига тергов олиб боришда ҳалақит бериши керак эмас. Ким бўлишидан қатъий назар, жиноят қилганидан сўнг жазога тортилиши лозим”, деган нуқтаи назарни билдиришди.

-Агар қонунни бузган депутатлар бўлса, улар даҳлсизлик мақомини ўзлари учун қалқон қилиши керак эмас. Депутат бўладими, вазир бўладими, жавобгарликка тортилиши шарт. Жамоатчилик бизга ҳудди мана шундай талабни қўймоқда, - деди депутат Эркин Алимбеков.



Парламент депутатлари ўз ҳамкасбларига нисбатан очилган жиноят ишларини ва айрим депутатларнинг ҳибсда сақланаётганини сиёсий қувғин сифатида баҳоламасликларини билдирмоқдалар. Бироқ мухолифатдаги “Ата Журт” партияси 3 октябрда Оқ уйни босиб олишга ҳаракат қилгани учун ҳибс қилинган партиядошлари – депутат Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовни сиёсий қувғин жабрдийдалари сифатида тилга олмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG