Линклар

logo-print
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари доирасида 14 ноябрь куни Теҳронда Эрон терма жамоасини 0:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси ўта муҳим бўлган ғалабани қўлга киритди.

Учрашувнинг 7-дақиқасида Қосим Деҳлавий Ашкан Дежога томонидан етказиб берилган тўпни боши билан Нестеров дарвозасига йўллади, бироқ тўп бироз юқоридан ўтиб кетди.

Ўйиннинг 13-дақиқасига келиб Эрон футболчилари гол киритишга муваффақ бўлди. Аммо бу вазиятда қанот ҳаками тўпнинг йўлини бевосита дарвозабондан тўсиб қолган рақиб футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда қолганини кўрди ва қоида бўйича офсайдни қайд этди.

Учрашувнинг 20-дақиқаларига келиб ўзбекистонлик футболчилар ҳам олдинга бора бошлашди. Кетма-кет амалга оширилган иккита бурчак зарбаси хавфли кўриниш олган бўлса-да, самара бермади.

Кейинги ҳолатларда ҳам ўзбекистонлик футболчилар бироз устунликни қўлга ола бошлади. Учрашувнинг ўта муҳимлиги натижасида 20 дақиқадан сўнг футболчилар майдонда футболдан ташқари даҳанаки жангга ҳам киришиб кетишди. Сервер Жепаровга нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг Ашкан Дежога унга қарата тўпни тепиб юборди. Бу қилиғини кўриб турган вакилларимиз унга ташланиб кетишди. Натижада бу вазият учун Азизбек Ҳайдаров ва Дежогаларга сариқ карточка кўрсатилди.

31-дақиқада терма Миржалол Қосимов шогирдлари яхши имкониятни юзага келтиришди. Рақиб ҳимоясидаги палапартишликдан фойдаланган ўзбекистонлик футболчилар кетма-кет тўрт марта зарба бериш имкониятига эга бўлишди. Лекин зарбалар ҳар сафар ўша палапартиш ҳимояга тегиб қайтаверди. Сўнггисида тўпни эгаллаб олган Фозил Мусаев бир рақибни алдаб ўтди ва дарвоза томон зарба берди. Бироқ зарба кучсиз чиққани боис Саид Раҳматий уни эгаллаб олди.

Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида ўта хавфли вазиятлар содир бўлмади. Бошида бироз ҳаяжонга берилган ўзбекистонлик футболчилар бўлим ўрталарида ўзига келиб олишди ва иложи борича, тўпни назорат қилишга ҳаракат қилди.

Иккинчи бўлим бошиданоқ олдинга ташланган эронликлар 47-дақиқада ҳисобни очишлари мумкин эди. Бўлим бошида майдонга тушган Карим Ансорифарднинг зарбаси хавфли, бироқ ноаниқ чиқди.

50-дақиқада эса ўзбекистонликлар учун стандарт вазият юзага келди. Санжар Турсуновга нисбатан ишлатилган қўполликдан кейин Сервер Жепаров жарима зарбасини амалга оширди. Унинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қўлидан чиқариб юборганди, лекин тўпга яна Раҳматийнинг ўзи биринчи бўлиб етиб келиб, тўпни эгаллаб олди.

55-дақиқада Азиз Ҳайдаров узоқ масофадан зарба бериб кўрди. Бироқ тўп анча ноаниқ йўналиш олди.

67-дақиқада ҳам унинг айнан шунга ўхшаш зарбаси ноаниқ кетди.

Ниҳоят, 72-дақиқада Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Улуғбек Бақоев томонидан урилган гол Миржалол Қосимов шогирдларини ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичидаги муҳим ғалабани келтирди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сервер Жепаровнинг ажойиб тўп узатмасидан сўнг ўзбекистонликлар ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Ўйин асосий муддатига қўшиб берилган вақтнинг тугашига икки дақиқа қолганида Эрон терма жамоаси Нестеров дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди, бироқ эронлик ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатда бўлгани учун ҳакам бу голни ҳам инобатга олмади.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Қатар терма жамоаси ўз майдонида ливанликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Шундай қилиб, ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 5-тур учрашувларидан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги 8 очко билан «А» саралаш гуруҳида пешқадам бўлиб олди.

2-4-ўринларни банд этиб турган Жанубий Корея, Эрон ва Қатар терма жамоалари ҳисобида 7 тадан, гуруҳ аутсайдери Ливан терма жамоасида 4 очко бор.

Саралаш босқичидаги навбатдаги ўйинлар 2013 йилда бўлиб ўтади.

26 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда Ливан билан баҳс олиб борса, Жанубий Корея ўз майдонида Қатарни қабул қилади; Эрон терма жамоаси эса дам олади.

Эслатиб ўтамиз, саралаш гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.

Гуруҳда учинчи бўлган жамоа қўшимча плей-офф баҳсларида мундиал йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида ҳеч қачон футбол бўйича жаҳон чемпионатлари финал босқичида иштирок этмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG