Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:08

Ўзбекистонда гўрков кўпаяди


Тошкентдаги қабристонлардан бири.
Тошкентдаги қабристонлардан бири.
Ўзбекистонда келаси 2013 йилдан бошлаб қабристонлардаги хизматлар учун яна 5800 ходим олинадиган бўлди.

Бу ходимлар дафн қилиш билан боғлиқ ишлар ва қабристонни қоровуллаш мақсадида ишга олиниши билдирилди.

Гўрковлар сонининг оширилиши масаласи Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг Қурилиш ва савдо қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилди.

Мажлис қарорига кўра, 2013 йилда Ўзбекистондаги қабристонларни ободонлаштириш, дафн қилиш билан боғлиқ хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилиши сўраладиган бўлди.

Мамлакатдаги мавжуд гўрковлар штатига қўшимча тарзда қабристонларда яна 5800 иш ўрнининг штат жадвали ҳамда ойлик маошлари 2013 йилги бюджет лойиҳасига киритилиши қўмита тарафидан тавсия қилинди.

Тошкент гўрковларга муҳтож

“Тошкент шаҳрида 70 та қабристон бор бўлиб, 10 таси ëпилган, 10 таси бошқа миллатга мансуб маййитлар учун мўлжалланган”, дейди Тошкент шаҳридаги фуқароларни дафн қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳожиакбар Расулов.

- Ҳозир Тошкентда 50 та қабристон 3 миллион аҳоли учун мавжуд. Тошкент вилояти бўйлаб 771 та мозор бор. Бу мозорларнинг гўркови йўқ, девори йўқ, чироғи йўқ, йўли йўқ. Бу берилаётган маблағ мозорларни обод қилиш, йўл қуриш ва одамларни ушлаб туришга ажратилади, - дейди дафн қилиш бошқармаси бошлиғи Расулов Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент ўликлар ëқилмайдиган шаҳар

Ўзбекистон пойтахти крематория мавжуд бўлмаган шаҳарлардан биридир. Тошкентдаги “Қора лола” дафн қилиш ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда крематория қуриш масаласи муҳокама қилингани ва мусулмонлар ҳамда бошқа дин вакиллари таклифига кўра, бу ғоядан воз кечилганини айтди:

- Мусулмонлар маййитни ерга кўмади. Насронийлар ва яҳудий дин пешволари ҳам крематория қурилиши борасидаги таклифга қўшилишмади. Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида крематория йўқ. Яқин орада ҳам очилмаса керак, - дейди “Қора лола” вакили Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистонда қабристонларни ижарага бериш ва хусусийлаштириш таклифлари ҳам рад қилинган:

- Ҳозир битта насронийни кўмиш хизмати 400 минг сўм, мусулмонни кўмиш эса сал арзонроқ - 300 минг сўмдан сал кўп. Қабристонларни хусусийлаштириш борасида бизнесменлардан таклиф тушганида рад қилинди. Чунки бунақада пули борлар дафн қилиниб, пули йўқлар мозорсиз қолиши мумкин, дейди Тошкентдаги “Қора лола” дафн қилиш ширкати вакили.

Ўзбекистондаги 8 мингдан зиëд қабристон асосан давлат бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобига фаолият юритаëтгани айтилади.
XS
SM
MD
LG