Линклар

Тошкент шаҳрида 15 ноябр куни бензин умуман тортилиб қолди. Ёнилғи келтирилган АЁҚШларда турнақатор автомобиллар навбати вужудга келди.

Шу куни машинасига бензин қуйгани АЁҚШга борган тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов яқин бир соат навбатда турганини айтди:

- Мен ҳозир Шимолий вокзалнинг яқинидаги “ПойтахтОйл” деган заправкада турибман. Навбатда турганимга 48 минут бўлди ҳозир. Уч қаторда 100 тача машина навбатда турибди. Энг қизиғи шундаки¸ ҳамма ҳайдовчилар бакларини тўлдириб-тўлдириб бензин олаяпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи Наримоннинг айтишича, Тўйтепа шаҳри ва унинг атрофидаги ўнга яқин АЁҚШдан фақат биттаси ишлаяпти:

- Олдимизда тахминан ўнтача заправка бор. Бензин бетайин, бир бўлади, бир бўлмайди. Узгазойлда умуман йўқ, хусусийларга ҳар замон бир келиб туради, кейин очират бўлади, дейди тўйтепалик Наримон.



Ўзбекистон жанубий вилоятларида бензин тақчиллиги пайдо бўлганига бир ойдан ошди, дейди жарқўрғонлик Ўрол ака:

- Бензин жуда кам, кам, кам. Ҳафтасига бир вагон кеп турибди нефтебазага. Бир куни сотилади шу билан тамом. Бензин қўлда 3000 сўмга, солярка эса 4000 сўмдан сотиляпти, дейди жарқўрғонлик Ўрол ака.

Қашқадарё вилояти туманларида ҳам бир литр бензин қўлда 3500 сўмга чиқиб кетди, дейди Косон туманида истиқомат қиладиган Акром:

- Заправкаларда бензин йўқ. Мисол¸ бизни шаҳримизда 15 та заправка бўлса, шуни биттасига келади. 400 дан ортиқ мошина очират бўлиб кетади. Етганига етади, етмаганига йўқ. Қўлда эса бор. Бир литр 80 русумли бензиннинг давлат нархи 1605 сўм, лекин қўлда 3300-3500 сўм, дейди косонлик Акром.

Озодлик Қорқалпоғистон республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги манбаларига ҳам қўнғироқ қилиб кўрди. Суҳбатдошларнинг айтишларича, пахта мавусми бошлангандан буён ҳамма жойда бензин тақчиллашиб қолган.

Озодлик мухбири бу муаммо сабабларини ўрганиш мақсадида “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик компанияси билан боғланди. Компания мулозими Хуррам Раҳимов вилоятларда нима сабабдан бензин тақчиллашиб қолганидан хабари йўқлигини айтар экан, Тошкент шаҳридаги тақчиллик сабабларини шундай изоҳлади:

- Вилоятларда билмадиму, лекин Тошкентда совуқ тушгани сабабли газ озгина тортилгандан кейин газда юрадиган машиналар бензин олишга мажбур бўлади. Шуни аниқ айтаманки, бензин олдин қанча Тошкентга берилган бўлса шунча берилаяпти, фонд камайгани йўқ.

Иккинчидан, одамлар бензин қиммат бўлармиш, бензин йўқ бўлармиш деган ваҳимага тушиб қолишган. Агар эҳтиёжи учун 10 литр оладиган бўлса, энди 50 литрдан олишаяпти, балки уйларидаги канистраларга бўшатиб, яна қайтиб келиб олаётгандир. Яъни одамлар сунъий равишда ўзларига муаммо яратмоқда. Шуни ҳисобига заправкаларга берилган маҳсулот тез тугаб қолиши ва заправкалар ишламаслиги вужудга келмоқда, дейди “Ўзнефтмаҳсулот” мулозими Хуррам Раҳимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG