Линклар

logo-print

Ўзбекистон фуқаролари ўзбек-қирғиз чегараси яқинида қирғизистонликлар миниб бораётган учта автомашинани тошбўрон қилди. Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон томони тошбўронда қатнашган тўрт нафар ўзбекистонликни ҳибс қилишга ваъда берган.

Қирғизистон расмийларининг маълум қилишича, 14 ноябр куни кундузга соат уч яримлар чамасида ўзбек-қирғиз чегара ҳудудидан ўтувчи Ахси-Олабуқа йўлида 10-15 нафар ўзбекистонлик қирғизистонликлар миниб бораётган “Ауди”, “Фолксваген” енгил машиналарини ва битта юк ташувчи КамАЗ машинасини тошбўрон қилган. Шундан сўнг улар яна чегарадан ўтиб, қишлоқларига қочиб кетган.

-Воқеа Ахси туманидан чиқаверишда, Олабуқа туманига яқин ердаги Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда содир бўлган. Ўзбекистон фуқаролари йўлда кетаётган автомашиналарнинг ойнакларини тошбўрон қилиб синдирган. Бу масала юзасидан Ўзбекистон милицияси ҳам текширув ишларини олиб бораяпти. Улар безорилик қилган ўзбекистонликларни, албатта, топиб берамиз, деб ваъда қилишди, -деди Қирғизистон Ички Ишлар вазирлигининг жанубий ҳудудлар бўйича матбуот котиби Таалайбек Сусунбаев.

Расмийнинг билдиришича, тошбўрон оқибатида ҳайдовчиларга тан жароҳати етмаган. Айни пайтда кўрилган моддий зарар миқдори ҳисоблаб чиқилмоқда. Тошбўрончилар эса Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Нанай қишлоғидан экани гумон қилинмоқда.

Ахси туман ҳокими Медет Айдаралиев воқеа содир бўлганидан сўнг Ўзбекистон томонидан келган расмийлар билан музокаралар олиб борилгани, ҳозир вазият барқарор эканини билдирди.

-Чегарачилар, туман милицияси раҳбарлари воқеадан кўп ўтмай учрашув ўтказдилар ва масала шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Воқеа бўлган ер Қирғизистон ҳудуди ҳисобланади. Бу ерда чегарани Қирғизистонга қарашли йўл бўлиб туради. Йўлнинг нариги томони Ўзбекистон чегараси ҳисобланади, -деди Медет Айдаралиев.

Расмийнинг айтишича, учрашувлар чоғида Ўзғбекистон томони тошбўрончилардан камида тўрт нафарини топиб, уларни жазолашга ваъда берган. Ўзбекистонликларни бундай ҳаракатга ундаган омиллар эса ҳозирча ноаниқ бўлиб қолаётир.

Қирғизистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида бунга ўхшаш воқеалар тез-тез содир бўлиб туради. Чегара ҳудудида яшовчи қишлоқлар аҳолиси ер ва сув талашиб низолашган ҳолатлар ҳам кўп кузатилган. Экспертларнинг билдиришича, бундай ҳодисалар чегарадаги баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилмаётгани сабабли пайдо бўлмоқда.

Масалан, Жалолобод вилояти Олабуқа туманининг ўзидагина 42 та аниқланмаган чегара ҳудуди мавжуд.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG