Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:02

Beeline мижозлари ошмоқда; хизмат сифати пасаймоқда


МТС фаолияти Ўзбекистонда тўхтатилгач¸ унинг мобил алоқасиз қолган 10 миллионга яқин мижози Beeline ва UCell хизматига мурожаат қилишга мажбур қолди.
МТС фаолияти Ўзбекистонда тўхтатилгач¸ унинг мобил алоқасиз қолган 10 миллионга яқин мижози Beeline ва UCell хизматига мурожаат қилишга мажбур қолди.

Ўзбекистондаги Beeline уяли алоқа оператори мижозлари сони сўнгги уч ой ичида 2 миллион 198 мингга кўпайган ва жорий йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича ширкат абонентлари умумий сони 9 миллион 200 мингдан ошган.

"Beeline" ширкати матбуот xизматига кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида "Beeline"нинг Ўзбекистондаги даромади ҳам қарийб 90 фоизга ошган ва 137 миллион долларни ташкил этган.

"Beeline" ширкати Москвадаги марказий идораси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Артём Минаевнинг Озодликка айтишича, ҳозир Ўзбекистондаги мижозлар сони ва даромад миқдори бундан-да кўп бўлиши мумкин:

- Сабаби¸ бу рақамлар июл, август ва сентябр ойлари бўйича ўтказилган аудит натижаларига асосланади. Бунга ноябр ойи кирмаган, абонентлар сони эса кун сайин ортмоқда, деди Минаев.

"Beeline" номи остида Ўзбекистонда фаолият юритувчи уяли телефон ширкати мижозлари ва даромадининг кескин ортиши¸ биринчи навбатда¸ “МТС-Ўзбекистон” уяли алоқа ширкатининг ёпилиши билан боғлиқ экани айтилади.

Ўзбекистонда 9 миллион абонентига эга бўлган “МТС-Ўзбекистон" мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. “Ўздунробита” ширкати фаолияти июл ойида тўхтатиб қўйилгач, ушбу оператор мижозлари Ўзбекистондаги бошқа алоқа компаниялари, жумладан “Beeline” ва “Ucell” ширкатларига ўтиб кетишга мажбур бўлди.



Мижоз кўпайди, сифат пасайди

Мижозларнинг кескин кўпайгани боис “Beeline” ва “Ucell” тизимларида алоқа сифатининг кескин тушиб кетгани ҳам кузатилди ва бу ширкат мижозларига кўра¸ алоқа сифати ҳозир ҳам яхшиланмаган.

- Алоқа расво. Абонент ҳали жавоб бериб улгурмай ўчиб қолади. Икки-уч марта қўнғироқ қилишга тўғри келади. Гаплашаëтган пайтда ҳам овоз бўлиниб¸ умуман гапни тушуниб бўлмайдиган даражада, ахир буни ҳар сониясига пул тўлаймиз-ку, дейди бухоролик “Beeline” мижози Иброҳим ака.

Алоқа билан бирга Интернетга ҳам боғланишда муаммолар келиб чиқаётганидан шикоятлар бор. Ucell ва Beeline орқали мобил Интернетдан фойдаланувчилар Интернет тезлигининг пасайиб кетгани айтилади.

- Битта сайтни очиш учун 10-20 минут кетяпти. Тезлик жуда секин, дейди Ucell ширкатининг хоразмлик Муҳаммад исмли мижози.

Ўз навбатида “Beeline” вакили Артём Минаев ҳам ширкат мижозлари кўпайиши ортидан техник муаммолар келиб чиққанини тан олди:

- Бунақа катта оқимни кутамагандик. Бунақа оқим алоқа сифатига таъсир қилиши табиий ҳол. Абонентлар сони ортиши билан алоқа тармоғимизни ҳам шунга мослаштиришимиз, кенгайтиришимиз керак. Бу бир-икки ойда ҳал бўладиган нарса эмас. Бу катта иш, дейди “Beeline” ширкатининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Артём Минаев.

Минаевга кўра, "Beeline" ҳозир Ўзбекистонда ўзини хотиржам ҳис этмоқда.

- Ҳозир ширкатимиз Ўзбекистонда алоқа тармоғини кенгайтириш учун қўшимча сармоя киритиш ҳақида қарор қилди. Ўзбекистонда қамровимиз янада кенгаяди, деб умид қиляпмиз, дейди Минаев.

Россиядаги йирик мобил оператор ҳисобланган “VimpelCom” таркибига кирувчи “Beeline” Ўзбекистонда 1997 йилдан буён хизмат кўрсатиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистон махфий хизматларига яқин экани айтиладиган Uzmetronom сайти 16 ноябр куни Россиянинг МТС ширкати Ўзбекистондаги ўз техник станцияларини қайта созлашга киришгани ва ширкат ўз фаолиятини келаси йил 1 январдан қайта бошлаши эҳтимоли ҳақида хабар қилди.

МТС вакиллари Озодлик билан суҳбатда бу хабарни миш-миш деб атади ва миш-мишлар юзасидан изоҳ бермаслигини билдирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG