Линклар

logo-print

15 ноябр куни Москванинг Внуково аэропортида Калининграддан Наманганга транзит билан учиб кетаётган беш нафар ўзбекистонлик ҳибс этилди. Внуково полицияси йўловчилар Ўзбекистон сўрови билан қўлга олинганини айтмоқда.


2012 йилнинг ноябрида Внуково аэропортида Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Москва орқали Наманганга учиб кетаётган беш ўзбекистонлик ушланди.

Бу хабарни Озодлик мухбирига маълум қилган Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроевга кўра, Калининграддан пул ишлаб уйига кетаётган наманганлик йигитлар Наманган Ички ишлар бошқармаси ходими майор Ш.Исломов сўрови билан халқаро қидирувга берилган:

- 15 ноябр куни Калининграддан учиб келиб, Домодедово орқали учиб кетиши керак бўлган. Йил охирида бир йил ишлаб кетаётган ёш болaлар экан. Внуковода қидирувда бўлгани учун ҳисбга олишган. Мен кеча оқшом полиция ва тергов раҳбарлари билан гаплашдим. Йигитларни кўрдим, ҳаммаси Наманганнинг содда ёш йигитлари. Бештаси 300 минг пул ишлаб кетяпти экан, хурсанд бўлиб. “Мана хурсандчилигимиз...Қанча бизни ушлаб турар экан? Бизни Ўзбекистон ҳукумати ноҳақ айблаяпти”, деб ҳаммаси гапирди. Улар ҳатто намоз ҳам ўқимас экан, дейди Баҳром Ҳамроев.


Ҳуқуқ фаолига кўра¸ бу йигитлар Наманган Ички ишлар бошқармаси томонидан диний экстремизм, турли диний ташкилотларда аъзоликда, сепаратизм ва ноқонуний диний адабиётни тарқатишда айбланиб қидирувга берилган.

Ҳуқуқ фаоли Внуково полиция бўлимида ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини келтирди:

1. Дадаев Абдусамад Нуриддин ўғли, 1993 йилда туғилган;
2. Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ Абдуллаевич;
3. Низомов Авазбек Маматхонович, 1991 йилда туғилган;
4. Жалолбоев Олим Турсунович;
5. Жалолбоев Ҳаким Турсунович.

20 ёш атрофидаги мардикорлар Баҳром Ҳамроев билан суҳбатда нима сабабдан қўлга олинганини англамаётгани, ҳеч қандай диний ташкилотларга аъзо эмаслигиги гапирган. Йигитлар шунингдек¸ Ўзбекистондан Калининградга бир йил олдик келгани, у ерда қурилишда ишлаб¸ қишги мавсум бошлангани боис Наманганга Янги йилни кутишга кетаётганини маълум қилган.

“Бошқа томондан, наманганлик муҳожирлар¸ айнан Россия аэропортида ушланганидан хурсандман”, дея давом этади Баҳром Ҳамроев.

- Ҳозир қонун йўли билан буларнинг экстрадициясини тўхтатиш ва буларни озодликка чиқариб¸ бошпана беришни ўйлаяпмиз. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан биргаликда Россия Бош прокурорига хатлар йўллаймиз ва буларни бериб юбормасликни талаб қиламиз. Булардан бир ой олдин борган бир нечта наманганлик йигитлар ҳибс қилинган. Менимча, қандайдир иғвоий процесс бошланган. Ўзбекистон ўйламасдан иш қилаяпти - бу ёшлар бу ерда қатағон қилинаверса, бу ердан кетса ва Ўзбекистонда турмага тушса, дейди наманганлик йигитлар ҳимоясини таъминлаётган Баҳром Ҳамроев.

Внуково аэропорти полиция бўлими навбатчиси Александр Попов Озодлик мухбири мурожаатига жавобан Ўзбекистон фуқароларининг ҳозирда Тергов бўлимига олиб кетилганини билдирди.

- Уларнинг бешови ҳам Тергов қўмитасига олиб кетилди. Улар, билишимча, Ўзбекистонда қидирувда бўлган экан. Кейинги тафтиш ишлари ва уларни Ўзбекистонга юбориш ишлари билан Россия Тергов қўмитаси шуғулланади. Улар самолётдан тушаётганида қўлга олинди, дейди Внуково полиция бўлими ходими.

Полиция бўлимида Дадаев Абдусамад, Муҳаммадхўжаев Раҳматуллоҳ, Низомов Авазбек, Жалолбоев Олим, Жалолбоев Ҳакимжонларнинг Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-моддаси асосидаги айбловлар билан қидирувда эканини билдиришди.

Озодлик ҳибс этилган наманганлик мардикорлар тақдирини кузатишни давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG