Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:26

Тошкент аҳолиси графикка кўра электрдан узиб қўйилади


Ўзбекистонда бу йил ҳам ўтин билан кўмир энергиянинг асосий манбаи бўлиб қоладиган кўринади.
Ўзбекистонда бу йил ҳам ўтин билан кўмир энергиянинг асосий манбаи бўлиб қоладиган кўринади.

Тошкент шаҳрида кейинги бир-икки ҳафта давомида аҳолига электр энергияси етказилишига чеклов жорий қилинди. Тошкент шаҳар электр тармоқлари идораси Озодликка аҳоли пунктларини электр тармоғидан узиб қўйиш туман ҳокимиятлари тасдиқлаган графикка кўра амалга оширлаётганини маълум қилди. Чеклов жорий қилинишига эса пойтахтни электр қуввати билан таъминлайдиган станцияларда ёқилғи етишмаётгани билан изоҳланмоқда.



Тошкент шаҳрида аҳолига электр қувватини етказишда узилишлар кейинги бир-икки ҳафта давомида кузатила бошлади. Бунда аксар микрорайонларда икки кунда бир, баъзи маҳалларда эса ҳар куни 2-3 соатдан электр ток узиб қўйилаётганидан шикоят қилмоқда оддий тошкентликлар.

Тошкент шаҳар электр тармоқлари идорасининг исмини ошкор қилмаган диспетчери, Озодлик билан суҳбатда, пойтахт туманларида аҳоли пунктлари навбатма-навбат тармоқдан узиб қўйилаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бунинг учун махсус график ишлаб чиқилган ва вазиятнинг қиш охиригача шундай қолиши кутилмоқда.

- Энерго-тизимда ёқилғининг етишмаётгани боис микрорайонларда туман ҳокимликлари ишлаб чиққан махсус график бўйича электр қувватини етказиб бериш икки кунда бир 2 соатдан ўчириб қўйилмоқда. Энди бу взаият шундай бўлиб қолди, бошқа иложи йўқ, минг арз қилганингиз билан ҳеч нарса ўзгармайди. Қиш мавсуми тугагунча шундай бўлиб қолади. Чидаб туришга тўғри келади, деди Тошкент электр тармоқлари вакили.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, светни ўчириб қўйиш аҳолини олдиндан огоҳлантирмасдан амалга оширилади. Лекин аксар аҳоли пунктларида электрни узиб қўйиш вақти ўзгармайди.

- Кўп миллионлик Тошкентни огоҳлантиришнинг ўзи бўладими? Вақти бир хил бўлади. Икки кунда бир икки соатдан ўчирилади. Масалан, сиз яшаб турган жойда бугун соат 10дан 12гача свет ўчириладиган бўлса, демак индинга ҳам ҳудди шу вақтда свет бўлмаслигига тайёр бўлиб туришингиз керак. Энди ортиқча ваҳима қилишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўзи бир неча йилдан бери тақчиллик бор эди, лекин бу йил бу тасдиқланган графикларга кўра амалга оширилмоқда, деди Тошкент электр тармоқлари диспетчери.

Пойтахтда свет икки кунда бир икки соатдан ўчирилаётган бўлса, вилоятлардаги аҳвол бунданда аянчлироқ. Вилоят марказларида электр қуввати кунига икки-уч соат, қишлоқ жойларда эса бир соатгина берилади холос.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакатда бирорта янги электростанция қурилмади.

Сўнгги бир неча йилдан бери Ўзбекистон Қозоғистон электр тармоқларидан келишувдан ташқари электр қувватини ўзлаштиргани икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Шу сабабдан, Қозоғистон яқинда яна Марказий Осиё бирлашган электр тармоқларидан чиқиш билан таҳдид қила бошлади. “Ўзбекэнерго” давлат ҳиссадорлик компанияси Қозоғистоннинг KEGOC энергетика ширкатига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида қарзни вақтида тўлай олмаётгани мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Кейинги уч-тўрт йил давомида ўзбекистонликлар, айниқса, қиш мавсумида, нафақат электр қуввати балки, газ ва бошқа турдаги ёнилғи тақчиллигидан азият чекмоқда.

Ўтган йили ва жорий йил қиш мавсуми арафасида ҳукумат аҳолини аввалдан ўтин ва кўмирни ғамлаб қўйиш тўғрисида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG