Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:41

Исроил Ғазода тўлақонли жанг бошлашга тайёр


Исроил армияси Ғазо минтақасида ҳарбий амалиётларни бошлашга тайёр ҳолга келтирилди ва бу ҳақда буйруқ берилса, уни бажаришга тайёр. Бу ҳақда Исроил ҳарбий раҳбарияти баёнот берди.

Жума куни Миср Бош вазири Хишом Қандий Ғазо минтақасига қисқа муддатли сафар қилди. У Ғазодаги отишмаларни тўхтатиш, тинчлик ўрнатиш учун қўлидан келган барча имкониятларни ишга солшга ваъда берди. Миср президенти Муҳаммад Мурсий Исроилнинг Ғазо минтақасини ҳарбий ҳаво кучлари ёрдамида ўққа тутишини “инсониятга қарши агрессия” сифатида баҳолади.

Фаластинликлар Ғазода ҳарбий амалиёт ўтказаётган Исроил ҳарбийларини тошбўрон қилмоқда.
Фаластинликлар Ғазода ҳарбий амалиёт ўтказаётган Исроил ҳарбийларини тошбўрон қилмоқда.
Исроил эса Ғазо минтақасидан туриб яҳудийларга қарата отилаётган ракеталардан ўз фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида барча имкониятлар ишга солинишини эълон қилди.

-Ҳеч бир мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми мунтазам ракета ҳужумлари ва отишмалар хавфи остида яшашига бефарқ муносабатда бўла олмайди. Исроил бундай вазиятга йўл бермайди. Шунинг учун ҳам менинг ҳукуматим Исроил мудофаа кучларига Ғазодаги террорчи гуруҳларга зарба бериш ҳақида кўрсатма берди,- деб билдирди Исроил Бош вазири Бенямин Нетеняҳу.

Пайшанба куни Ғазо минтақаси чегарасидан 25 чақирим нарида жойлашган Исроил шаҳрига қилинган ракета ҳужумида 3 яҳудий ҳарбийси ҳалок бўлган.
Чоршанба куни Исроил томонидан Ғазо минтақасининг бомбардимон қилиниши оқибатида 18 фаластинлик, жумладан, болалар ҳалок бўлди. Чоршанба куни Исроил томонидан Ғазога қилинган ҳужум оқибатида ХАМАС лидерларидан бири Аҳмад ал Жабарий ҳам ўлдирилган эди. ХАМАСнинг жангари қаноти ўз лидерларини ўлдириш орқали Исроил “дўзах эшикларини очгани”ни маълум қилган эди.
Исроил ҳарбийлари Ғазодан туриб отилаётган ракеталардан мана шу тарзда сақланмоқда.
Исроил ҳарбийлари Ғазодан туриб отилаётган ракеталардан мана шу тарзда сақланмоқда.

Шанба куни олинган хабарларга кўра, отишмалар бошланганидан бери жами 25 фаластинлик ва 3 яҳудий ҳалок бўлган.

Миср Презденти Муҳаммад Мурсий пайшанба куни телевидениеда қилган чиқишида Исрол “агрессияси қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир” дея баён қилди.

Мурсий расмий Қоҳира дипломатик каналлар орқали Исроил ҳукуматига норозилик нотасини юборганини таъкидлади.

- Бизнинг позициямиз кеча аниқ ифода қилинди, ўз позициямизни миср элчисини Исроилдан чақиртириб олиш орқали билдирдик ҳамда Исроил элчисини чақиртириб, ташқи ишлар вазирлиги орқали Ғазодаги агрессияга нисбатан позициямиз битилган муждани топширдик, деди Миср президенти.

Мурсий шунингдек мавжуд вазият ҳақида АҚШ Президенти Барак Обама ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан суҳбатлашганини қўшимча қилди.


Исроил ҳарбийлари томонидан бомбардимон қилинган ХАМАСнинг Ғазодаги штаби.
Исроил ҳарбийлари томонидан бомбардимон қилинган ХАМАСнинг Ғазодаги штаби.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича расмийси Кэтрин Эштон отишмалар натижасида “бегуноҳ одамлар ҳалок бўлаётгани”ни айтиб, томонларни муросага келишга чақирди. Германия канцлери Ангелла Меркелнинг матбуот котиби зўравонликларнинг авж олишида ХАМАСни айблади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Марк Тонер Оқ уй Мисрни минтақадаги таъсиридан фойдаланиб, вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшишга чақираётганини айтди. Айни пайтда АҚШ Исроил ўзини ҳимоя қилишга ҳақли эканини ҳам эътироф этди.

-Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, мен буни таъкидламоқчиман. Исроил ҳукуматининг билдиришича, 2012 йил бошидан шу кунгача Ғазодан Исроилга қарата 768дан кўпроқ ракета отилибди. Сўнгги икки йилда 12 мингта ракета отилган бўлса, бугуннинг ўзида 100 та ракета отилган. Уларнинг ўзини ҳимоя қилишга ҳаққи бор,- деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нэви Пиллай ҳар икки томоннинг отишмаларда иштирок этишини қоралади ва томонларни ҳаддан ошмасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG