Линклар

logo-print

Уругвай президенти ўртаҳол юртдоши каби кун кечиради


Уругвай президенти Жозе Мухика.

Уругвай президенти Жозе Мухика.

Уругвай президент Жозе Мухика бошқа давлат раҳбарлари каби қасрларда яшашдан воз кечиб, пойтахт Монтевидео яқинидаги хотинининг эски фермасида умргузаронлик қилади.

Президент ва унинг хотини томорқасида кундалик ишлар билан машғул бўлади, гул ўстиради, ювилган кирларни эса ҳовлисида қуритади.

Улар яшаётган фермада икки полициячи ва уч оёқли қари итдан бошқа қўриқчи йўқ. Ҳатто ичадиган сувини ҳам у ҳовлисидаги қудуқдан тортиб олади.

Жозе Мухика ойлик даромадининг 90 фоизини хайрия учун сарфлайди. Ўзига қолдирган 10 фоиз эса ўртаҳол уругвайликнинг ойлик даромади билан тенг бўлиб, бу маблағ тақрибан 775 долларга тўғри келади.

“Мен кўп йиллардан бери шундай ҳаёт кечириб келаман, - дейди у Британиянинг ВВС агентлигига берган интервюсида. – Бу ишим билан бошқалар кўзига ғалатироқ бўлиб кўринишим мумкин, аммо мен шуни хоҳладим. Мен борига шукур қилишни афзал кўраман”.

Жозе Мухика президентликка 2009 йилда сайланган. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Куба инқилобидан илҳомланган “Тупамарос” сўл исёнчилар ҳаракатининг аъзоси бўлган. Ҳаёти давомида у олти марта ўқ еган ва 1985 йили Уругвайда демократия ўрнатилгунича 14 йил қамоқда ўтирган.

“Мени энг қашшоқ президент, деб аташади, бироқ мен ўзимни қашшоқ, деб ҳисобламайман, - дейди Уругвай президенти. – Қашшоқ одам бу тўкинчиликда яшаш учун тиним билмай чопиб юрган ва мудом бойлиги янада ортишини истаган кимсадир”.

Жозе Мухика жаҳон лидерларини ўз мамлакатларида “истеъмолчилик ошиши васвасасига дучор бўлганлик”да айблайди.

Уругвайда кўпчилик содда турмуш тарзи учун Мухикани ёқтиради, бироқ айримлар унинг ҳукуматини танқид қилади. Уругвайлик мухолифатчилар фикрича, мамлакат иқтисодий жиҳатдан олға силжиётганига қарамай, ҳукумат соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантира олмаяпти.

Уругвай қонунларига кўра, ҳозирда 77 ёшга кирган Жозе Мухика президентликка қайта сайлана олмайди ва афтидан, 2014 йилда мандати тугаганидан кейин у нафақага чиқса керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG