Линклар

logo-print

Исроил ҳарбийлари Ғазода 80 га яқин рейд ўтказди


18 ноябр куни Қоҳирада музокара ўтказган Миср президенти Муҳаммад Мурсий (ўнгда) ва қувғинда бўлган ҲАМАС етакчиси Ҳолид Машъал.

18 ноябр куни Қоҳирада музокара ўтказган Миср президенти Муҳаммад Мурсий (ўнгда) ва қувғинда бўлган ҲАМАС етакчиси Ҳолид Машъал.


Ғазо секторига ҳужумини кучайтирган Исроил ҳарбийлари ўтган тунда 80га яқин рейд ўтказди ва ҲАМАС ҳарбийлари жойлашган, деб тахмин қилинган ўнлаб бинони ўққа тутди. Жами қурбонлар сони 85 нафардан ошди.

Айни пайтда ҲАМАС ҳарбийлари ҳам Исроил томонига ўнлаб ракета ҳужумини амалга оширгани хабар қилинмоқда.

Ғазода ҲАМАС ва Исроил ҳарбийлари ўртасидаги қуролли низо 6 кундирки давом этмоқда ва Фаластин томони ўтган тундаги ҳужумлар чоғида яна 11 киши қурбон бўлганини маълум қилди.

Якшанба куни Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху Ғазо секторига нисбатан ҳарбий амалиётлар кўлами "янада кенгайиши"ни маълум қилган.

Вазирлар маҳкамасидаги йиғилишда гапирган Нетаняҳу исроиллик ҳарбийлар ҳужумларни кескинлаштиришга тайёрлигини таъкидлади.

- Исроил Мудофаа кучлари Ғазо секторидаги 1000 дан зиёд объектни нишонга олди ва бундан буён бундай амалиётлар ҳар дақиқа давом этади. ҲАМАС ва шу каби террор гуруҳларига бизга қилган ҳужуми қимматга тушади. Исроил Мудофаа вазирлиги ўз амалиётларини янада кенгайтиришга тайёрланаяпти, деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу.

Исроил ҳарбийлари якшанба куни ҲАМАСнинг хавфсизлик хизмати бош қароргоҳини нишонга олганини маълум қилган эди.

Фаластинлик гувоҳларнинг айтишича, Эроннинг Ал-Қудс сателит телеканали ҳам якшанба кунги ҳужумлар натижасида вайрон бўлган.

Эрон матбуотига кўра, телеканал биносига икки марта бомба ташланганва натижада, олти маҳаллий журналист жароҳатланган.

Исроил томони телеканалга қилинган ҳужумни ҲАМАСнинг телеканал антенналаридан фойдалангани ва шу боис, унинг биноси нишонга олингани билан изоҳлади.

Шунингдек, исроиллик ҳарбийларнинг айтишича, якшанба куни Ғазо томонидан отилган учта ракета Исроил ҳудудига келиб тушган.

Айни пайтда Ғазо чегарасига келтирилган исроиллик минглаб танк қуруқлик орқали ҳужум бошлашга шай ҳолатда турибди.

Чоршанба куни Исроил томонидан Ғазо минтақасининг бомбардимон қилиниши оқибатида ҲАМАС лидерларидан бири Аҳмад ал-Жабарий ўлдирилган эди.

ҲАМАС ўз лидерларини ўлдириш орқали Исроил ўзига “дўзах эшикларини очгани”ни таъкидлаб, баёнот берган.

Қўшма Штатлар Ғазо минтақасидаги ҳар икки томонни зиддиятнинг ёйилишидан воз кечишга чақирди.

Оқ уй баёнотида зиддиятга фаластинлик жанггарилар томонидан Исроил ҳудудига ракета зарбалари берилгани сабаб бўлгани таъкидланган ва Исроилнинг мудофаа ҳуқуқи эътироф этилган. Фаластин вакиллари эса Вашингтонни тарафкашликда айблаган.

Шанба куни Миср президенти Муҳаммад Мурсий таклифига кўра Қоҳирага ҲАМАС раҳбари Холид Машъал ҳамда Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон борди.

Эрдўғон билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида Мурсий Исроил ва Фаластин ўртасида тез орада сулҳга эришилиши мумкинлигини қайд этди, бироқ ўт очишни тўхтатиш муддати ҳақида аниқ бир гап айтолмади.

2002 йили араб ўлкалари Исроилга Фаластин ҳудудларидан қўшинларини олиб чиқиш ва қочқинларга ватанга қайтиш имконини бериш эвазига дипломатик эътирофни таклиф қилган эдилар. Эндиликда Араб давлатлари лигасининг Исроилга нисбатан позицияси кескинлашиши мумкин.

Маълумотларга кўра, сўнгги кенгашида Лига ўз делегациясини кейинги икки кун ичида Ғазога юборишга қарор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG