Линклар

logo-print
Исроил “Темир гумбаз” деб аталувчи ракетага қарши тизим ёрдамида якшанба куни фаластинлик жанггарилар тарафидан Тел Авив томон отилган тўрт ракета ҳавода портлатиб юборилганини маълум қилди.

Фаластинликлар отган ракеталардан кеча Исроилнинг жанубий ҳудудларида ҳаммаси бўлиб 9 киши яраланган.

Аниқланган маълумотларга кўра, якшанба куни исроилликлар отган ракеталардан Ғазода 11 фаластинлик, шу жумладан, 4 нафар ёш бола ҳалок бўлган.

Франс-пресс агентлиги маълумотларига кўра, кечаги бўмбабўронлар натижасида Ғазо ва Жабалияда 20 дан зиёд фаластинлик нобуд бўлган.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос Исроилнинг Ғазо минтақаси аҳолисига нисбатан хатти-ҳаракатларига қарши тинч намойишлар ўтказишга чақирди.

АҚШ президенти Барак Обама Исроил ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирди, бироқ исроилликларга қуруқликда амалиёт ўтказиш режасидан воз кечишни тавсия қилди.

Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз мамлакати ХАМАС гуруҳи жанггариларига қарши ҳарбий амалиётни кенгайтиришга ҳозир эканини билдирганди.

Фаластинлик манбалардан олинган маълумотларга кўра, тўқнашувнинг бешинчи кунига келиб 70 га яқин фаластинлик нобуд бўлган, 600 дан зиёд киши яраланган. Исроил томони маълумотларига кўра эса, исроилликлар орасида 3 киши ўлган, 50 дан зиёд киши яраланган.
XS
SM
MD
LG