Линклар


Тошкентдаги ҳайвонот боғининг 16 ходими, жумладан, директор Олим Расулев ҳайвонларни сақлаш учун ажратилган қарийб бир ярим миллиард сўм маблағни ўзлаштирганликда гумон қилиниб тергов қилинмоқда.

Ноқонуний маош

Тошкентдаги ҳайвонот боғининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган ходими Озодлик билан суҳбатда ҳайвонот боғининг 16 ходими ва директори Олим Расулев фаолияти устидан суриштирув бораётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

Аммо у ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштируви жиноий эмас балки, маъмурий қонунбузарлик бўйича олиб борилаётганини айтди.

- Ҳа, Олим Расулев ҳозир ҳибсда. Ҳали суд бўлгани йўқ. Терговга тортилган 16 – 17 нафар ходим масаласига келсак, улар чорак ва ярим ставка қўшимча маош олишган. Орган ходимлари директорни 0,3-0,5 ставкани ходимларга нотўғри тўлаганликда айбламоқда. Бу одамларнинг аксари жиноий ишларга алоқадор эмас, деди ҳайвонот боғи ходими.



Унга кўра, янги ходимлар 250 минг сўмлик маошга рози бўлмагани боис раҳбарият уларга яна ярим ставка маош қўшиб беради. Ҳайвонот боғи ходими бунинг маъмурий қонунбузарлик эканини тан олар экан, бунга жавобгарлик ходим эмас, балки раҳбарларнинг зиммасида эканини таъкидлаб ўтди.

Ҳайвонот боғи маъмурияти устидан текширув олти ой олдин бошлангани ва директор ўшандан бери ҳибсда сақланаётгани айтилмоқда.

Тошкент ҳайвонот боғининг Эркин исмли ходимига асосланиб Uznews.net нашрининг билдиришича, яқинда Олим Расулев ва бошқа раҳбарлар устидан суд жараёни бошланиши кутилмоқда.


Совуқдан ўлган балиқлар

Нашрга кўра, айни пайтда Тошкентдаги ҳайвонот боғида сақланаётган ҳайвон ва қушларнинг қишлашига ҳозирлик ҳам рисоладагидек эмас.

Ўтган йил совуқ туфайли балиқлар нобуд бўлган.

Ҳайвонот боғи ходими Озодлик билан суҳбатда буни инкор қилмади. Аммо у балиқлар нобуд бўлгани учун ходимлар айбдор эмаслигини айтди.

- Ўтган йил бизнинг туманда электр ўчиб қолди. Ҳам Ботаника боғи, ҳам ҳайвонот боғида электр таъминотида узилиш бўлганидан кейин балиқлар нобуд бўлди. Бу зоопарк маъмуриятига боғлиқ бўлмаган эди, деди ҳайвонот боғи ходими.


Қишловга ҳозирлик

Аммо у Тошкент ҳайвонот боғи маъмуриятининг бу йилги қишга яхши тайёргарлик кўргани ва ҳозир иссиқсевар ҳайвонлар қишки қафасларда сақланаётганини айтди.

- Тошкент ҳайвонот боғи ўз иситиш тизимига эга. Қишда совуқ қотмайдиган ҳайвонлар ёзги қафасларда, иссиқсевар ҳайвонларнинг ҳаммаси, жумладан, филлар, бегемотлар, маймунлар, қушлар иссиқ қафасларда сақланмоқда. Буни ҳайвонот боғига келиб ўзингиз кўришингиз мумкин, деди ҳайвонот боғи ходими.




Чор генерали туҳфаси

Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда Ўрта Осиё Давлат университети олимлари ташаббуси билан ташкил этилган.

Дастлаб, ҳайвонот боғи 1876-1880 йилларда Чор Россиясининг Тошкент шаҳар генерал-губернаторига тегишли бўлган дала ҳовлисида қурилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йилги қарорига мувофиқ пойтахтдаги Ботаника боғига туташ 22,7 гектар ерда янги зоопарк қуриш ишлари бошланган ва 1997 йилда Ўзбекистон Мустақиллиги байрамида фойдаланишга топширилган.

Ҳайвонот боғлари ва аквариумлар Евроосиё минтақавий уюшмасига кўра, Тошкент ҳайвонот боғида 408 турдаги 2 минг 907та ҳайвон ва қуш сақланади.

182 нафар ходимга эга бўлган Тошкент ҳайвонот боғида, бундан ташқари, 56 турдаги ҳайвон ва қуш кўпайтирилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG