Линклар

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди томонидан Жанубий халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси раҳбари Нормурод Йўлдошев ҳамда унинг 8 нафар жиноий шериги устидан ҳукм ўқилди.


Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Давлат ёки ўзгалар мулкини растарата йўли билан талон-тарож қилиш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 210-моддаси (Порахўрлик) билан судланган Нормурод Йўлдошев 12 йилга, корхона бош муҳандиси Ибодулла Игамбердиев 11 йилга, Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги йўл жамғармасининг 2 нафар мулозими 10 йилга ҳамда корхонанинг яна 5 нафар ишчиси 9 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Жиноят иши материалларига кўра, жиноий гуруҳ томонидан давлатнинг 639 миллион сўмдан ошиқ маблағи талон-торож қилинган, 22 минг АҚШ доллари пора сифатида олинган.

Шунингдек, корхона томонидан А-378 Самарқанд-Қарши автомобил йўли таъмирланишида 25 828 770 000 сўм, 4Р-87 Ғузор-Чим-Кўкдала автомобил йўли таъмирида 128 832 784 000 сўм, М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўли таъмирланишида эса 45 378 300 000 сўмлик камомадга йўл қўйилган.

Судланувчиларга нисбатан жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди ҳамда уларга жазо ўтаб бўлингач, 3 йилгача раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик жамияти мутахассисига кўра, ҳозирги кунда мамлакатда бир километр йўл қуриш учун 600 тонна асфальт-цемент қоришмаси сарфланади.

Бу эса 300 миллион сўм (қарийб 150 минг АҚШ доллари — Озодлик) деганидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Молия вазирлиги қошидаги Йўл жамғармасига юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган умуммиллий солиқнинг бир фоизи тўғридан-тўғри ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG